Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси факультети талабалари томонидан ташкил этилган Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган сайт расман иш бошлади.
Сайт раҳбари, филология фанлари номзоди, навоийшунос олима Дилнавоз Юсупова сайт ҳақида шундай деди:
Буюк шоир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодини ёритишга бағишланган бирор сайт ҳали мавжуд эмас эди.Айни пайтда сайтга бир неча илмий мақолалар ҳамда Алишер Навоий ғазаллари табдил қилинган материаллар жойлаштирилган бўлиб, бу ишларни мукаммалаштириш билан боғлиқ ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Сайтни янада фаоллаштириш учун барча мутахассис олимларни жалб қилиш назарда тутилган.Тўғри, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг расмий сайтида Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўплами жойлаштирилган, аммо бу етарли эмас. Чунки ҳазрат Навоийни халққа шарҳлаб, асарларини табдил қилган ҳолда етказиш давр талабига айланди.
Мазкур иш мана шу ниятда қўйилган қадамлардан бири. Сайт ташкил этишда, асосан, талабаларимиз ташаббус кўрсатди.
Қолаверса, бу йўлда беминнат ёрдам кўрсатгани учун «Мулоқот» сайтлар тармоғи раҳбари Фарҳод Файзуллаев ҳамда шу сайтнинг масъул ходимларидан бири Беҳзод Хўжаназаровга ўзимизнинг самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Сайт «Мулоқот» сайтлар тармоғи доирасида ишга туширилган бўлиб, у «Мулоқот» тизими билан тўлиқ интеграциялашган. Сайт техник жиҳатдан «Мулоқот» мутахассислари ва ресурслари томонидан қўллаб-қувватланади.
Эслатиб ўтамиз, «Мулоқот» сайтлар тармоғига «Дарё» интернет-нашридан ташқари «Мулоқот» ижтимоий тармоғи, «Интервью», «Мулоқот об-ҳаво» сайтлари, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиевнинг шахсий сайти, қизиқарли фактлар ҳақида сўз юритувчи «Турфа олам», инглиз тилини ўрганишда кўмаклашувчи English Club Pro, «Доим онлайн» асари, Enne — муҳандислар блоги ва бошқа сайтлар киради.
Изоҳ (0)