Украинадаги вазиятга АҚШнинг аралашувини маъқуллаётган америкаликларнинг аксарияти бу мамлакат қаерда жойлашганлигини ҳам билишмайди. Бу ҳақда SSI тадқиқотлар компанияси ўтказган сўров натижаларига таяниб «ИТАР-ТАСС» хабар бермоқда.
Сўров 28–31 март кунлари ўтказилди ва унда икки мингга яқин америкалик иштирок этди. Тадқиқот натижаларига кўра, уларнинг олтидан бир қисмигина Украинанинг географик жойлашувини тўғри кўрсатиб бера олган.
Сўровда иштирок этганларнинг фикрлари турлича бўлган: АҚШ томонидан Украинада фаол ҳаракатлар олиб борилишини ёқлайдиган фуқаролар Украинани асосан Қозоғистон, Португалия, Судан ёки Финляндия билан чегарадош жойларда, дея тахмин қилишган. Ҳатто уни Бразилия билан қўшни, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бўлган. Тағин, бошқа бир сўров натижаларига кўра, сўралган америкаликларнинг учдан икки қисми Украинадаги воқеаларнинг боришини «диққат билан» кузатиб бораётганликларини баён этишган.
SSI тақдим этган маълумотларга кўра, сўровда қатнашганлар Украинанинг географик жойлашуви масаласида қанчалик адашган бўлишса, у ердаги воқеаларга АҚШнинг ҳарбий аралашувини шунчалик қаттиқ туриб ёқлашган ва Россиянинг бу борадаги ҳаракатларини шунчалик таҳдидли, деб ҳисоблашган.
Изоҳ (0)