Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пауэрлифтинг (Паралимпия оғир атлетикаси) бўйича ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида яна бир ўзбекистонлик Фарҳод Умирзоқов (-72 кг) уч уриниш якунларига кўра 110 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, жаҳон чемпионатининг кумуш медаль ва жорий йил Инчеон шаҳрида (Жанубий Корея) ўтказиладиган ПараОсиё ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Пауэрлифтинг спорт турининг қоидалари бўйича спортчи уч уринишдан сўнг тўртинчи уринишни ҳам амалга ошириши мумкин. Фақат тўртинчи уринишда жаҳон рекордини янгилаш талаб этилади. Эътиборлиси, Фарҳод Умирзоқов ушбу имкониятдан фойдаланишга аҳд қилди ва тўртинчи уринишда 116 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, дунёнинг 60 дан зиёд давлати вакиллари иштирокида ўтаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Искандар Турсунбоев дастлабки кун бўлиб ўтган мусобақаларда кумуш медаль ҳамда ПараОсиё ўйинларининг йўлланмасига сазовор бўлган эди.
Шундай қилиб, жорий йилнинг 18—24 октябрь кунлари Инчеон шаҳрида ўтказиладиган ПараОсиё ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз сони 9 нафарга етди.
Изоҳ (0)