7 апрель, душанба куни АҚШ, Япония ва Жанубий Корея ҳукумат вакиллари Шимолий Кореядаги ядро муаммолари ҳақида ўзаро уч томонлама консультация ўтказди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Биз БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Корея борасидаги қарорларига тўлиқ қўшилишимизни билдирган ҳолда Шимолий Кореяни келгусида бўлиши мумкин бўлган таҳдидли хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақирдик», — дейилади уч томонлама талабномада. Сўнгги ойларда Шимолий Корея кўплаб ракеталарни ҳавога учирди ва янги ядро синовларини амалга ошириш нияти борлигини яширмади.
Вашингтон, Сеул ва Токио вакиллари, шунингдек, ўзаро икки томонлама даражадаги ҳамда Хитой, Россия каби бошқа муҳим ҳамкорларни ҳам жалб этган ҳолда биргаликда ишлашни давом эттириш ҳақида келишиб олди. Улар, шунингдек, дунё ҳамжамияти эътиборини Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқларининг поймол этилаётганлигига қаратиш борасида ҳам ўз фикрларини баён этди.
2005 йилнинг 10 февралида КХДР илк марта ўзининг ядро қуролига эга эканлигини тан олган эди. КХДР ўзининг дастлабки ерости ядро синовларини 2006 йилнинг 9 октябрь куни амалга оширган эди. Россия Мудофаа вазири Сергей Ивановнинг маълумотига кўра, ўша вақтда КХДР қўллаган ядро қуролининг қуввати 5 дан 15 килотоннагача етган эди.
2005—2013 йилларда КХДР ҳукумати ўтказган ерости ядро синовлари дунё ҳамжамиятининг эътирозига сабаб бўлган эди. Бунга жавобан БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши КХДРдан ядро соҳасидаги фаоллигини тўхтатишни талаб қилувчи бир қатор қарорларни қабул қилган эди. Бироқ шунга қарамасдан, 2013 йилдаги маълумотларга кўра, КХДРнинг ракета ва ядро дастурларига ажратган маблағи 3,24 миллиард доллардан ошган.
Изоҳ (0)