Беларусдаги миграция инқирози сабаб Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши томонидан қабул қилинган қарор беларусларнинг Украина чегарасини кесиб ўтишига таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленскийга таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг йиғилишида Украина чегараларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. «Шуни таъкидлашни истардимки, бу ҳеч қанақасига чегараларимизни Беларусь фуқаролари кесиб ўтишига таъсир кўрсатмайди. Гап миграцион чақирувлар ва хатарлар ҳақида кетмоқда, холос. Давлатимиз уларни ҳал этишга ва енгишга тайёр», — дейди у Telegram-каналида эълон қилинган видеомурожаатида.
Шунингдек, Зеленский Украина яқинида Россия қўшинларининг фаоллиги муҳокама этилганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг ғарбдаги шериклари «Россия қўшинларининг мамлакат чегарасига фаол жойлаштирилгани ва уларнинг концентрацияси оширилгани тўғрисида маълумотларни тақдим этган», бироқ Украинани бу каби фаоллик «ҳайратга солмайди ва қўрқитмайди».
Аввалроқ Вашингтонда сўнгги уч йил ичида биринчи бор икки томонлама Стратегик шериклик комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган, унда Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба иштирок этганди. Йиғилиш якуни бўйича АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Россия томонидан тажовузкорлик ҳаракатлари, жумладан, ҳарбий фаоллик амалга оширилиши мумкинлигини кузатаётганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Беларусь ва Европа Иттифоқи мамлакатлари чегарасидаги миграцион инқироз Александр Лукашенконинг Минск энди Европани муҳожирлардан ҳимоя қилмоқчи эмаслигини айтганидан кейин бошланди. Шундан сўнг, оммавий ахборот воситаларида хабар берилишича, беларуслик чегарачилар чегарани ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган одамларга жиддий тўсқинлик қилмаслик ҳақида яширин кўрсатма олган.