Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тез орада бутун дунё бўйлаб қизамиқ ўчоқлари пайдо бўлади деб ҳисобламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида вакцинация эмлаш жадвалига мувофиқ амалга оширилмаётгани келтирилган. Бу ҳақда ЖССТ ҳамда АҚШ Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази (CDC) ҳисоботига таяниб, «Korrespondent.net» хабар беради.
«2020 йилда қизамиққа чалинганлар сони камайган бўлса-да, маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу бўрондан олдинги сокинлик, чунки касалликнинг бутун дунёда авж олиш хавфи давом этмоқда», — дейилади ҳужжатда.
Ташкилотдагиларнинг маълум қилишича, 2020 йилда коронавирус пандемияси сабаб 22 миллиондан ортиқ чақалоқ қизамиққа қарши вакцинанинг биринчи дозасини олмаган, бу 2019 йилга нисбатан 3 миллионга кўп демак. Қизамиққа қарши эмлаш билан боғлиқ бу ҳолат инфекциянинг янги ўчоқлари учун хавфли муҳит яратади.
ЖССТ ва CDC’нинг баҳолашича, 2020 йилда қизамиқ устидан эпидемиологик назорат ёмонлашган. Лабораторияларга юборилган намуналар сони сўнгги бир неча йил ичидаги энг паст кўрсаткичга айланган. Шу билан бирга, ўтган йили 26 та давлатда қизамиқнинг катта ўчоқлари қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, 2020 йилда болаларнинг 70 фоизигина қизамиққа қарши вакцинанинг иккита дозасини олган, инфекция тарқалишидан ҳимоя қилиш учун эса эмланганлар улуши 95 фоиз бўлиши керак.
«Давлатлар коронавирусга қарши вакцинацияни тез ўтказиши жуда муҳим. Мунтазам иммунизация мустаҳкамланиши керак, акс ҳолда биз ҳалокатли касалликни бошқасига алмаштириш билан таваккал қиляпмиз», — дейди ЖССТнинг Иммунизация, вакцина ва биологик дори воситалари департаменти директори Кейт O’Брайен.
Маълумот учун, қизамиқ — ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий интоксикация, юқори нафас йўллари ва кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши ҳамда баданга қизил, йирик доғли тошмалар тошиши билан кечади. Қизамиқ ер юзида энг кенг тарқалган инфекциялардан, унга барча ёшдаги кишилар, асосан, ёш болалар берилувчан бўлади. Касаллик мавсумий бўлиб, куз-қиш ва баҳорда кўпроқ учрайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2018 йилда бутун дунё бўйлаб қизамиқдан 140 мингга яқин инсон вафот этган, уларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалар. Қизамиқ ривожланаётган давлатларда болалар ўлимини юзага келтирувчи асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ олимлар коронавирус пандемияси биринчи бўлиб енгиб ўтадиган мамлакатлар номини маълум қилгани, Хитойда коронавирус тарқалишининг янги ўсиши қайд этилгани, ЖССТ янги вирус пайдо бўлишини прогноз қилгани тўғрисида хабар берилганди.