COVID-19 эпидемияси даврида океанларда 25 минг тоннадан ортиқ ишлатилган шахсий ҳимоя воситалари ва коронавирусга алоқадор бошқа пластик чиқиндилар пайдо бўлди. Бу ҳақда Хитойнинг Наньянг университетидан Имин Пэн бошчилигидаги олимлар олиб борган ҳисоб-китобларда айтилган.
Хитойлик мутахассислар компьютер орқали моделлаштириш ёрдамида сув муҳитида пластик чиқиндиларнинг тарқалиш жараёнини тасвирлади. Тадқиқот натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган.
Олимлар тадқиқотга асос сифатида 193 мамлакатдан коронавирус билан боғлиқ чиқиндилар, хусусан, тиббий ниқоблар, қўлқоплар ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари, тест тўпламлари, COVID-касалхоналаридан чиққан чиқиндилар тўғрисидаги маълумотларни йиғган.
«Маълум бўлишича, пандемия бошланганидан 2021 йилнинг августигача дунёда 8,4 миллион тонна шу турдаги чиқиндилар юзага келган. Моделлаштириш шуни кўрсатдики, океанларда аллақачон 25 минг тонна чиқинди бор. Улар, албатта, океанга тўғридан-тўғри ташланмайди, у ерга дарёлар оқими билан келиб қолади. Олимларнинг таъкидлашича, бу биринчи навбатда Осиёдаги дарёларга (Янцзи, Ҳинд ва Хуанхэ дарёси) тааллуқли. Ушбу ҳудудларда аҳоли зичлиги жуда юқори, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича эса қатъий экологик стандартлар йўқ», — дейилади тадқиқотда.
Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури ҳисоботида дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми чиқитга чиқиб кетиши маълум қилинганди. Мазкур глобал ҳисоботга кўра, ҳар йили 900 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат ташлаб юборилади. Озиқ-овқат чиқиндилари индексига кўра, дўконлар, уйлар ва ресторанларда истеъмолчиларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларининг 17 фоизи тўғридан-тўғри чиқинди қутисига бориб тушади.