Эрон 7 ноябрь куни Форс кўрфазида йиллик ҳарбий машғулотлар ўтказишни бошлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Золфақар-1400 ўқув машғулотлари спикери адмирал Маҳмуд Мусавийнинг таъкидлашича, Уммон кўрфазидаги Эрон соҳилларида ўтказилаётган ҳарбий машғулотлар мамлакатнинг ҳарбий қудрати ва душманларга қаршилик кўрсатишга тайёрлигини намойиш қилиши керак.
Машғулотлар майдони Ҳормуз бўғозининг шарқий қисмидан Ҳинд океанининг шимолий қисми ва Қизил денгизнинг бир қисмигача бўлган ҳудудни қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, Форс кўрфазида Эрон ҳарбийлари ва Америка қўшинлари ўртасида вақти-вақти билан юз берадиган қарама-қаршиликлар 2018 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп ядровий келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши янада қаттиқроқ санкциялар киритганидан бери давом этиб келмоқда.
Апрель ойида Форс кўрфазида АҚШ ва Эрон кемалари ўртасида можаро чиққан эди. АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг маълум қилишича, кўрфазда Эрон Ислом инқилоб гвардияси корпусининг (ИИГК) учта қайиғи тезлик билан АҚШнинг иккита ҳарбий кемасига яқинлашгани сабабли кемалардан бири огоҳлантирувчи ўт очган. Хабарга кўра, АҚШ кемалари радиоалоқа ва карнай орқали бир нечта огоҳлантиришлар юборган, аммо ИИГК уларга яқин масофада ҳаракат қилишда давом этган. Шундан сўнг Америка экипажи огоҳлантирувчи ўқ узган ва ИИГК қайиқлари хавфсиз масофага чекинган.
Ўшанда АҚШ ИИГК денгиз кучларини денгиздаги кескинликни оширмасликка чақирганди.
2020 йилнинг апрель ойида Дональд Трамп АҚШ ҳарбий денгиз кучларига Форс кўрфазида Эрон катерлари Америка кемаларини таъқиб қилса, уларни йўқ қилишни буюрганди.
Мавзуга доир:
- Эронлик талабалар томонидан Теҳрондаги АҚШ элчихонаси гаровга олинганига 42 йил тўлди. Эронда бу сана қандай нишонланди? (фото)
- Эрон фуқароси АҚШда ҳарбий технологияларнинг экспортига алоқадорликда айбдор деб топилди
- The Wall Street Journal: Эрон Саудия Арабистонига зарба беришга тайёргарлик кўрмоқда
Изоҳ (0)