ЎзЛиДеПнинг Х қурултойида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бундан буён парклар ва яшил зоналар ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян ман этилади. Бутун мамлакат бўйлаб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилади. Хонадон, кўча, маҳалла ва қишлоқ, шаҳарларда, йўл бўйлари ва дала четларига дарахтлар экиш, ҳудуд иқлимига мос кўчатларни етиштириш, суғориш ҳамда парвариш қилиш тизими жорий этилади.
Бу тизим орқали ҳудудларда ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт кўчатлари экилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида «Янги Ўзбекистон боғи» намунаси асосида, камида 50 гектар майдонда яшил боғлар барпо этилади. Шаҳарлар ва туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун, яшил парклар ташкил этилади.
Бундан ташқари, келгуси йилларда Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонлар барпо этилиб, уларнинг умумий ҳажми 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказилади.
Оролбўйида халқаро Яшил иқлим ва Глобал экологик жамғармалари ҳисобидан биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган 300 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
«Буларнинг барчаси Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм воҳасининг экологик шароитини яхшилаш, ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта ҳисса қўшади», — деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазаси юзасидан 23 август куни ўтказилган йиғилишда дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиб, жавобгарлик кескин кучайтирилишини маълум қилганди. Бундан ташқари, Президент Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилишини айтганди.