Айни пайтда ЎзЛиДеПнинг Х қурултойида нутқ сўзлаётган Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда халқаро магистрал интернет тезлиги ва туманлараро тармоқлар тезлиги оширилишини айтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Келгуси беш йилда рақамли иқтисодиётни асосий драйвер соҳага айлантирамиз. Унинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилади. Ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланади, магистрал автомобиль йўллари 100 фоиз мобил алоқа ва интернет билан қамраб олинади», — дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, халқаро магистрал интернет тезлиги – 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги – 8 баробарга оширилади.
«Келгуси йил якунига қадар фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади тамойили асосида барча давлат органларида иш юритиш, аҳоли билан ҳужжат алмашиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади», — дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ташқи интернет каналининг тезлиги сониясига 1800 Гбитга етказилиши маълум қилинганди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий параметрлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 апрелдаги қарори билан қабул қилинган, аммо ҳужжатда лойиҳани амалга ошириш муддати кўрсатилмаган.