Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ижтимоий тармоқларда Москва шаҳрида Ўзбекистон фуқароси ўлдириб кетилгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
«Известия» нашрининг ёзишича, Москва ғарбидаги Рябинова кўчасида бир фуқаронинг жасади оғзида ғишт бўлаги билан топилган. Марҳумнинг ёнидаги ҳужжатларга кўра, у 1990 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси, Рязань вилоятида вақтинча яшаш бўйича рўйхатдан ўтган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълум қилишича, мазкур ҳолат агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси томонидан ўрганилмоқда.
Хусусан, вафот этган фуқаронинг шахсига аниқлик киритилган. Унинг яқин қариндошлари билан алоқа ўрнатилиб, жасадни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Шунингдек, Россиянинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан алоқалар ўрнатилиб, мазкур ҳодиса назоратга олинган.
Аввалроқ Россияда Ўзбекистон фуқароси туғилган кунини нишонлаётган ҳамюртини пичоқлаб қўйгани, Ленинграддаги қурилиш майдонида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси баландликдан қулаб, вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.