Қор ёғган пайтда 10 кунлаб ташқи дунёдан узилиб қоладиган Шаҳрисабзнинг Кўл қишлоғи аҳолисига 2020 йил август ойида ваъда қилинган йўлтанламас тез ёрдам машинаси 2021 йилнинг 5 май куни топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбарига кўра, совғани вазир ўринбосарининг шахсан ўзи топширган.
Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов ва Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков Шаҳрисабз туманидаги тоғли, олис чегара ҳудудидаги Кўл қишлоғида бўлиб, аҳолининг тиббиётга доир муаммоларини ўрганган.
«1300 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқдаги оилавий шифокорлик пункти (ОШП)да бир нафар врач, 8 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатади. Шифокорга эҳтиёж катта. 2001 йилда қурилган пунктимиз биноси таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Энг яқин тез тиббий ёрдам шохобчаси бу ердан 26 километр масофадаги Ғилон қишлоғида жойлашган. Бизга тоғли ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш учун махсус машина зарур. Фелдшер Абдукарим Азизов қишлоқда дорихона очиш ҳаракатида, аммо ташкилий масалаларда муаммога дуч келмоқда», — дейди ОШП мудири Абдумалик Сафаров.
Қишлоқда тиббиёт ходимлари етишмаслигини эшитган вазир ўринбосари ҳудудда врачлар танқислиги муаммосини ҳал этиш учун Кўл, Ғилон ва атрофдаги бошқа қишлоқлар аҳолиси вакилларидан 10 нафар ёш йигит-қизни Самарқанд давлат тиббиёт институтида мазкур олий ўқув юрти ҳисобидан ўқитиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилган.
Шунингдек, тиббиёт маркази биносини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш 2022 йилги инвестициявий дастурга киритилганини айтган. Ва дорихона муаммосини ҳал этишда ҳам амалий ёрдам берадиган бўлган.
Cobol русумли замонавий йўлтанламас автомашинасини аҳолига топширган вазир ўринбосари Амрилло Иноятов «юртимизда олиб борилаётган катта ўзгаришлар нафаси нафақат марказда, балки, аввало, сизларники каби олис ҳудудларда яққол сезилиши зарур. Зеро халқимизни рози қилиб ишлаш — барчамизнинг асосий вазифамиз», деган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил август ойида Кўл қишлоғида бўлган Зоир Мирзаев аҳолининг тиббиётга доир муаммоларини тинглагач, қишлоқ аҳли учун йўлтанламас тез ёрдам машинаси берилишини ваъда қилган.
«Ўша пайтда вазирликка хабар берилиб, кўлликлар учун йўлтанламас тез ёрдам машинаси сўралган. Вилоят раҳбарининг ўша сўровига жавобан, мана бугун ваъда қилинган машина олиб келинди», — дейди Зоир Мирзаевнинг матбуот котиби Аҳрор Содиқов.
Мавзуга доир:
- Шаҳрисабзнинг Кўл қишлоғида 2 метр қор ёғди: 10 кунга «дунёдан узилиб қолган» қишлоқ аҳли қандай ҳаёт кечирди?
- Фоторепортаж: Қишда 10 кунлаб дунёдан узилиб қоладиган Шаҳрисабздаги Кўл қишлоғида бир кун
- Қалин қор ёғса, ташқи дунёдан узилиб қоладиган Шаҳрисабзнинг Кўл қишлоғида охирги 2–3 йилда оилавий ажримлар кузатилмаган