Хоразмда ўз жонига қасд қилган 19 ёшли келин иши юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура хабар қилди.
Маълумот учун, Хоразм вилоятида 2002 йил 14 февраль куни туғилган, Шовот тумани «Катқалъа» маҳалласида яшаган фуқаро Қ.М. 2021 йил 1 апрель куни соат 10:00 ларда ўз уйидаги қорамолларни сақлаш хонасининг ёғоч тўсинига оқ рангли шпагат ип билан ўзини ўзи осиб, жонига қасд қилган.
Суд-тиббий экспертизанинг 2021 йил 13 апрелдаги 11-сонли хулосага кўра М.Қ.нинг ўлимига бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия сабаб бўлган.
Шу билан бирга, эксперт текширувида М.Қ.нинг ўнг кўз пастки қовоғида қонталаш борлиги, ушбу жароҳат оғирлик даражаси бўйича олти кундан ортиқ бўлмаган, озгина тез ўтиб кетувчи жароҳат ҳисобланиши, хусусиятига кўра 2-3 кун олдин келиб чиққан бўлиши мумкинлиги, бошқа жароҳат излари аниқланмагани, унинг ҳомиладор бўлмагани аниқланган.
Шунингдек, Урганч давлат университети психологлари томонидан 2021 йил 15 апрелда тақдим қилинган хулосада М.Қ. ўз жонига қасд қилиши вақтида ўз ҳаракатларини англамаган ва аффект ҳолатида бўлган бўлиши мумкинлиги, паспорт ёши психологик ёшига нисбатан мос келмаслиги, қайд қилинганлар ва оила қуришга тайёр бўлмагани сабабчи бўлган бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Ўз навбатида туман халқ таълими психологлари томонидан М.Қ.нинг ўз жонига қасд қилишига эрта турмушга берилганлиги, оила қуришга тайёр бўлмасдан депрессия ҳолатида бўлгани сабабчи эканлиги юзасидан хулоса тақдим қилган.
Бундан ташқари, М.Қ.нинг хонасидан қора қалам билан дафтар варағига ўзи томонидан ёзилган хат топиб олинган.
Мазкур хатда М.Қ. турмуш ўртоғи М.Й. ва ота-онасини яхши кўришини, ҳаммадан рози эканлигини, турмуш ўртоғига ота бўлиш бахтини бера олмаганидан армондалигини билдирган.
Республика Ички ишлар вазирлиги Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси экспертиза-криминалистика бўлими томонидан 2021 йил 14 апрелда тақдим қилинган хулосага кўра қайд қилинган хат М.Қ. томонидан ёзилган.
Худди шунингдек, текширувда М.Қ.нинг турмуш ўртоғи М.Й. ёки унинг оила аъзолари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки маҳалла фуқаролар йиғинига ариза келиб тушмагани, бу билан ҳолатлар муҳокама қилинмагани маълум бўлди.
Ўз навбатида М.Қ. вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ёки вилоят наркология диспансерида рўйхатга олинмаган. Шу билан бирга, М.Қ. касаллиги туфайли ёки тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилмаган.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, М.Қ. телефон аппарати ишлатмаган ва интернет тармоғидан фойдаланмаган, нисбатан таниш-билишларига оиласидан шикоят билдирмаган ва шубҳали хабарлар қолдирмаган, қўшнисидан беш минг сўм қарз олганлиги ҳолатидан оила аъзоларининг хабари бўлмаган, нотинч оила сифатида рўйхатда турмайди, турмуш ўртоғи ёки бошқа оила аъзолари жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилмаган.
Текширув якунига кўра М.Қ.нинг ўзини ўзи осиб, ўз жонига қасд қилганлиги ҳолатида бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмагани сабабли туман прокурори Д.А. томонидан 2021 йил 18 апрель кунида Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига (гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганда айбсиз деб топиш ва реабилитация қилиш) асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва марҳуманинг турмуш ўртоғи М.Й.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ушбу қарор вилоят прокуратураси томонидан 2021 йил 28 апрелда бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун туман прокуратурасига қайтариб юборилган.
Қўшимча терговга қадар текширув давомида Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Хоразм филиалига комиссиявий суд-тиббий экспертиза тайинлаган ва ҳозирда экспертиза текшируви давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июль ойида Қашқадарёда 18 ёшли жувон уйидан осилган ҳолда топилган, марҳуманинг онаси қизининг ўлимида куёвини айблаган. Ўша йилнинг октябрь ойида Самарқандда эр 24 ёшли хотинини бўғиб ўлдириб, арқонга осиб қўйгани, ноябрь ойида Бухорода хотинини ўз-ўзини ўлдириш даражасига етказган эр 7 йил-у 6 ойга қамалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда хотинини боласининг ахлатини ейишга мажбур қилган эркак ва Хоразмда оилавий жанжал оқибатида хотинини бўғиб ўлдириб қўйган эркак қўлга олингани тўғрисида хабар қилинганди.