Вакцинациянинг учинчи кунида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан жами 9551 нафар фуқаро эмланди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Вакцина олганларнинг 3441 нафарини 65 ёшдан юқори фуқаролар ва 6110 нафарини тиббиёт ходимлари ташкил қилди.
3 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни:
- Тошкент шаҳри (2105 нафар);
- Наманган вилояти (1189 нафар);
- Бухоро вилояти (1166 нафар);
- Андижон вилояти (1083 нафар);
- Тошкент вилояти (844 нафар) банд қилди.
Улар AstraZeneca ва Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмланмоқда. Бунда эмланувчи биринчи эмланишни қайси вакцина билан бошласа, иккинчисини ҳам айнан ўша вакцина билан якунлайди.
Ўзбекистонда хусусий клиникаларга COVID-19’га қарши пулли эмлаш ўтказишга рухсат берилди. Тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган фуқароларга QR-кодли сертификат берилади.
Айни пайтда эмлаш жараёнлари давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида апрель–июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш зарурлигини таъкидлаган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда нега болалар COVID-19’га қарши эмланмаяпти?