Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида қалбаки 24 850 долларни муомалага киритишга уринган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Тергов департаменти.
Маълум қилинишича, 31 март куни вилоят ИИБ ЖҚБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 42 ёшли Козим А., 36 ёшли Шавкатбек А., ва 48 ёшли Абдувоҳид Ф. 24 850 АҚШ доллар қийматига тенг сохта пулларни шартли равишда мижоз сифатида жалб қилинган фуқарога Қўқон шаҳрида жойлашган «Замин» чойхонасида 10 минг АҚШ долларга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушбу фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди (қалбаки пуллар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида мазкур фуқаролар сохта пулларни полиграфик усулда нусха кўчириб кўпайтирувчи рангли принтер ёрдамида тайёрлагани аниқланган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Аввалроқ Фарғонада қалбаки 100 долларлик купюрани муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушлангани, Зангиотада қалбаки 5 минг долларни 2,5 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.