Москвада амалга оширилган амалий ташриф доирасида Марказий Осиё халқаро институти делегацияси жаҳон экспертлар ҳамжамиятида ўз ўрнига эга йирик таҳлил марказлари билан қатор шартнома ва келишувларга эришди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хусусан, институт директори Анвар Носиров ҳамда Москва давлат университети ҳузуридаги Осиё ва Африка мамлакатлари институти, Москва давлат университети қошидаги Постсовет ҳудудида ижтимоий ва сиёсий жараёнларни ўрганиш маркази, Москва давлат халқаро муносабатлар институти Халқаро тадқиқотлар институти Шарқий Осиё ва ШҲТ тадқиқотлар маркази ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
Шартномада сиёсий, иқтисодий, сув ва атроф-муҳит, тарихий-маданий ва гуманитар соҳаларда тадқиқотлар олиб бориш назарда тутилган. Институтлар мутахассислари ўртасида қўшма форумлар, семинарлар, мулоқот анжуманлари, давра суҳбатлари, брифинглар, маслаҳатлашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Россия стратегик тадқиқотлар институти директори Михаил Фрадков билан учрашув чоғида институт вакилларининг Тошкентдаги«Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражали халқаро анжуманда иштироки бўйича суҳбатлашилган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё халқаро институти 2020 йил Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкил этилган. Институти минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи саммитида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, эксперт-таҳлил доира вакиллари, амалиётчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, минтақавий стратегияни ишлаб чиқишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.