Коронавирус пандемияси бир қатор мамлакатларда юз берган гуманитар инқирозни янада кучайтирди ва уларнинг аҳолиси учун очарчилик хавфини оширди, дейилади Disasters Emergency Committee (DEC) 14 та хайрия ташкилоти гуруҳининг баёнотида. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
DEC маълумотларига кўра, Яман ва Жанубий Судан очарчилик остонасида турибди, шунингдек, Афғонистон ва Конго Демократик Республикасига ҳам очарчилик хавф солмоқда. Баёнотда Сурия, Сомали, Бангладешнинг қочоқлар лагерида жойлашган рохинжа этник гуруҳидаги вазиятга ҳам тўхтаб ўтилган.
DEC бош директорининг таъкидлашича, пандемия сабабли юзага келган иқтисодий инқироз натижасида камбағаллар янада камбағаллашди.
«Доимий ёрдамсиз кўплаб одамлар нафақат COVID-19’нинг ўзи, балки вируснинг иқтисодий оқибатлари қурбонига айланади», — деди у.
1 март куни БМТнинг Ямандаги донорлар конференциясида ташкилотчилар ушбу мамлакатда кенг миқёсдаги очарчиликнинг олдини олиш учун 3,85 миллиард доллар йиғиш ниятида эканини эълон қилди. БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, яманликларнинг 16 миллиони (мамлакатнинг деярли ярми) бу йил очарчиликдан азият чекмоқда. Тахминан 50 минг аҳоли очликдан вафот этди.
Ўтган йили пандемия сабабли кўплаб гуманитар дастурлар фаолияти тўхтатилган эди, натижада БМТ ва ҳамкор ташкилотлар Яман учун талаб қилинган 3,4 миллиард ўрнига 1,9 миллиард пул тўплади.