ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан одам савдосига қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор тадбирда бир ёшга тўлмаган ўғлини сотишга уринган аёл қўлга олинди, деб хабар беради ЎзА.
Маълум қилинишича, Уйчи туманида яшовчи 31 ёшли аёл 2020 йил июнь ойида туғилган ўғил фарзандини 4700 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг январь ойида кам таъминланган оилалар учун қурилган кўп қаватли уйдан ушбу аёлга кредит асосида 2-хонали уй берилган бўлиб, унинг бошланғич тўлови давлат ҳисобидан тўлаб берилган.
Шунингдек, пандемия даврида унинг ҳолидан хабар олиниб, маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан 1,8 миллион сўм берилган ҳамда 3 маротаба (охирги марта 2021 йилнинг 3 февраль куни) озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёрдам кўрсатилган.
Аввалроқ Урганчда туғилмаган боласини 9 минг долларга сотмоқчи бўлган эр-хотин қўлга олингани, Навоийда бир ойлик чақалоғини 3 миллион сўмга сотмоқчи бўлган аёлга суд ҳукми ўқилгани, Каттақўрғонда 2 ёшли ўғлини 2500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)