Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда Мудофаа вазирлигини тузишга қарор қилди. Бу ҳақда 1 февраль куни давлат раҳбари матбуот хизматига асосланиб «ТАСС» хабар берди.
«Қирғизистон Республикаси Мудофаа давлат қўмитаси ва Қирғизистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби негизида Қирғизистон Мудофаа вазирлигини ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин», – дейилади президент фармонида.
Матбуот хизматининг хабар беришича, Мудофаа вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармон Жапаров томонидан «қуролли кучларни бошқариш тизимини янада ривожлантириш мақсадида» имзоланган. Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ, республика ҳукуматига ушбу фармондан келиб чиқадиган чораларни кўриш тавсия этилади.
Қирғизистонда Мудофаа вазирлиги 1993–2015 йилларда мавжуд бўлиб келган, ундан сўнг президент Алмазбек Атамбоев даврида у Мудофаа ишлари бўйича давлат қўмитасига айлантирилган. Кейинчалик президентнинг қарори билан мамлакатнинг барча куч ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, шу жумладан, Мудофаа ва мудофаа ишлари бўйича давлат қўмитаси Бош штабга бўйсундирилган.
Мавзуга доир: «Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди» — Қирғизистон президенти
Президент сайлови билан бирга мамлакатда бошқарув шаклини ўзгартириш бўйича ҳам референдум бўлиб ўтди. Референдум иштирокчиларининг 80 фоиздан ортиғи президентлик республикаси учун овоз берди. Қирғизистон ҳукумати эса Жапаровнинг президент сайловларидаги ғалабасидан сўнг истеъфога чиқди.
Садир Жапаров 28 январь куни Бишкекдаги маросимда давлат раҳбари лавозимида мамлакат халқига содиқ хизмат қилиш ҳақида қасамёд қабул қилиб, Қирғизистон президенти лавозимига киришди.