Навоий вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари ўзгарди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
2015 йилдан буён мазкур лавозимда ишлаб келган Комилжон Расуловнинг бошқа ишга ўтганлиги сабабли «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Навоий вилоят филиали директори Бекзод Бобомуродов ҳоким ўринбосари этиб тайинланди.
Бекзод Бобомуродов 1983 йилда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган. Тожикистон Республикаси Хўжанд давлат университети ҳамда Тошкент молия институтини тамомлаган.
Бекзод Бобомуродов меҳнат фаолияти давомида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси, Навоий вилояти қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш ҳудудий консалтинг маркази директори каби масъул лавозимларда ишлаган.
Аввалроқ Жаҳонгир Ҳотамов Акмалхўжа Мавлонов ўрнига Наманган вилояти прокурори этиб тайинлангани, Акмалхўжа Мавлоновнинг ўзи эса Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари этиб тайинлангани хабар берилган эди. Шунингдек, Қамашида раҳбарлик қилган Шерали Санаев Миришкор туманига ҳоким этиб тайинлангани, Шерали Санаевнинг ўрнига Вазирлар Маҳкамасида ишлаб келган Ботир Тоғаев тайинлангани маълум қилинган.