Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 9 октябрь куни Покистон республикаси элчиси этиб тайинланган Сайид Али Асад Ғилонийдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, БМТ, ШҲТ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинган.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш масалалари ҳамда турли даражадаги бўлажак учрашувларнинг жадвали бўйича фикр алмашган.
Ўзаро товар айирбошлашнинг изчил ўсаётгани ҳамда икки томонлама савдо ҳажмларини янада ошириш учун улкан салоҳиятнинг мавжудлиги қайд этилган. Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш ҳамда мазкур мамлакатда транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибининг алоҳида масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.