Ўзбекистонда миллий валюта курси 2020 йилнинг январь—апрель ойларида 6,6 фоизга пасайган бўлса, май—сентябрь ойлари давомида 2 фоизга пасайди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозоридаги ҳолат юзасидан берган ахборотида келтирилди.
Унга кўра, 2020 йил 9 ойи давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 8,6 фоизга қадрсизланган.
«Йил якунига қадар миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички ва ташқи макроиқтисодий омиллар таъсирида, ички валюта бозоридаги мавжуд талаб ва таклифнинг жорий нисбатидан келиб чиқиб шаклланиб боради», — дейилади Марказий банк хабарида.
Таъкидланишича, ички иқтисодий фаолликнинг тикланиш суръатлари ва асосий ташқи савдо ҳамкорлардаги макроиқтисодий шароитларда 2020 йил якунига қадар ички валюта бозорида ҳолатнинг нисбатан барқарор шаклланиши, алмашув курсининг кескин тебранишларига олиб келувчи фундаментал омиллар хатарлари эҳтимоли пастлиги кузатилмоқда.
«Йил сўнгига қадар ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф мутаносиблигини сақлаш юзасидан етарли шароитлар мавжуд», — дейилади Марказий банк маълумотида.