Гулистондаги саралаш ва тақсимлаш марказида рўй берган портлашдан сўнг Намангандаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналар ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов «Баркамол авлод» спорт мажмуаси, вилоят юқумли касалликлар ва кўп тармоқли шифохоналари, саралаш ва тақсимлаш ҳамда реабилитация марказларида бўлди. Уларда беморлар ва тиббий персонал учун яратилган шароитлар, куз-қишга тайёргарлик, кўрилган эҳтиёт чоралари, хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини кўздан кечирди.
«Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги саралаш ва тақсимлаш марказида рўй берган кўнгилсиз воқеа барчамизга сабоқ бўлиши керак. Вилоятимиздаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналар синчиклаб кўздан кечирилиши, уларда фойдаланилаётган қурилмалар текширувдан ўтказилиши, қурилмаларни ишлатаётган ходимлар малакаси қайта кўриб чиқилиши зарур», — деди вилоят раҳбари.
Ўрганишлар давомида Наманган шаҳридаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналарнинг барчаси генераторлар билан таъминланганлиги маълумот учун қабул қилинди. Шифохоналарда кислород баллонлари билан ишлайдиган операторларни қайта ўқитиш ва малакасини ошириш юзасидан кўрсатма берилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 7 октябрь куни Гулистон шаҳридаги «Алпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган саралаш ва тақсимлаш марказида портлаш юз берган, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлаш мажмуадаги кислород баллони ёрилиши оқибатида содир бўлганини маълум қилганди. Портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: