Сардоба сув омборидаги тошқин оқибатидан жабрланган сирдарёликлар учун Фарғона ҳамда Қашқадарё вилояти бюджетидан 9 миллиард сўм маблағ ажратилди.
«Дарё»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири Азизжон Эрматовнинг ёзишича, халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаш раиси, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар режасидан ошириб бажарилган қўшимча маблағлари ҳисобидан сардобаликлар учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиш таклифи билдирилган ва кенгаш қарори билан тасдиқланган.
«Дарё»нинг Қашқадарё вилоятидаги мухбирига кўра, сардобаликлар учун вилоят бюджетидан 4 миллиард сўм ажратилган. Бу ҳақда 4 май куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг VI чақириқ олтинчи сессиясида қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сирдарёликлар учун Самарқанд вилояти бюджетидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳақида хабар берилганди.