4 май куни соат тахминан 15:00 да Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги «Гирдиқўрғон» ва «Дўстлик» маҳаллалари ҳудудида кучли жала қуйиши натижасида сел келган. Оқибатда Самарқанд—Қарши йўлини сув босди, дея хабар беради «Дарё» мухбири.
Вилоят прокуратураси ахборот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, сел натижасида «Гирдиқўрғон» маҳалласидаги Жом ота қабристони ёнида жойлашган қувурга сув билан оқиб келган тоғ тошлари тиқилиб қолган.
Қабристоннинг 50 квадрат метр майдонини ҳам сув босган.
Бундан ташқари, Самарқанд—Қарши А-378 автомобиль йўлининг «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 52-километрида жойлашган қувурга ҳам тоғ тошлари тиқилиб қолиши натижасида сел асфальт йўл устидан ўтган.
Ҳолат юзасидан туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, туман прокурори ва туман ИИБ бошлиғи ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлигида автомагистрал йўлининг асфальт қопламасидаги лойқа чўкиндилар ва қувурлар махсус транспорт воситалари ёрдамида тозаланиб, хавф бартараф этилди.
Прокуратура сел натижасида жабрланганлар йўқлигини маълум қилди.