Жиззахда ўғлининг армиядан келгани муносабати билан карантин вақтида зиёфат уюштирган ота жаримага тортилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, зиёфат 3 апрель куни ўтказилган. Вилоятнинг Арнасой туманида яшовчи 53 ёшли Х.Қ. ўғли М.Қ. 28 март куни ҳарбий хизматни ўтаб қайтганлиги муносабати билан ўзининг уйида зиёфат берган. Зиёфатда ўғлининг 24 нафар синфдоши иштирок этган.
Шу сабабли. Х.Қ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияга қариши кураш қоидаларини бузиш)га асосан жавобгарликка тортилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель, жума куни, коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалалари бўйича видеоселекторда «қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётгани»ни афсус билан айтиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан бошлаб тўй-маросимлар ўтказиш бекор қилинган эди. 27 мартдан бошлаб эса заруратсиз кўчага чиқиш, кўчада ва жамоат жойларида уч кишидан ортиқ бўлиб тўпланиш тақиқланган. Фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масофа сақлаши шартлиги белгиланганди.
Аввалроқ карантин вақтида Тошкентнинг Чилонзор туманида тўй ўтказишга уриниш ҳолатининг олди олингани, Юнусободда эса куёв-навкар маросимини ташкиллаштирган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.