Японияда яшаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар 3 апрель куни ҳукумат томонидан ташкил этилган чартер рейс орқали Paramount Bed компаниясининг 13 та махсус тиббиёт каравотларини инсонпарварлик ёрдами сифатида Ўзбекистонга жўнатди. Бу ҳақда Япониядаги Ўзбекистон фуқароларидан бири «Gazeta.uz»га маълум қилган.
Қайд этилишича, мазкур инсонпарварлик ёрдам жўнатилишида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалий ёрдам кўрсатди.
«Япониялик хайрсевар инсонлар кўмагида сотиб олинган ушбу тиббиёт каравотлари ўзининг кўп функциялилиги, тананинг турли қисмларига мослашувчанлиги билан, айниқса, оғир аҳволдаги беморлар учун қулайлик яратади», — дейилади хабарда.
Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 241 нафарни ташкил қилмоқда.