Президентнинг «Tashkent International University of Education нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳрида Tashkent International University of Education халқаро университетини нодавлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Tashkent International University of Education’нинг асосий вазифалари Олий таълим сифатига қўйиладиган умумий эътироф этилган халқаро талабларга мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари учун талаб юқори бўлган мутахассисликларнинг бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар ҳамда таълим тизими учун замонавий педагог ва бошқарув кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳисобланади.
Университет томонидан белгиланган квота доирасида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра The Times Higher Education World University Rankings рейтингидаги дунёнинг 1000 таликка кирувчи хорижий олий таълим муассасалари дастурлари асосида имтиёзли грантлар ажратиш йўли билан тегишли йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлайди.
Ўқитиш Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда университет ва унинг хорижий ҳамкори томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида кундузги, сиртқи, кечки ва махсус сиртқи йўналишлари бўйича амалга оширилади.
Университет бакалавр ва магистратура битирувчиларига унинг хорижий ҳамкор университетларининг Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган халқаро даражадаги диплом берилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Қайд этилишича, университет 2023 йилнинг 30 декабрига қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинади.