Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси Ўзбекистонга кириб келгани ҳақида асосланмаган хабарлар тарқалмоқда. Ушбу хабарлар мутлақо ёлғон бўлиб, айни пайтга қадар республикада коронавирус касаллиги умуман қайд этилмади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасига юқумли касалликлар, жумладан, COVID-19 коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларида қатъий назорат ўрнатилган. Ушбу пунктлар замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.
Аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши назорат тадбирлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан халқаро тиббий санитария талаблари асосида амалга оширилмоқда. Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда маҳаллий мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳам ҳамкорикда тизимли фаолият олиб борилмоқда.
Афсуски, юқоридаги каби ёлғон хабарлар аҳолининг саросимага тушишига сабаб бўлмоқда. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятдан хавотирга тушмасликни, агар ушбу ҳолат билан боғлиқ саволлар бўлса, вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг (71) 276-46-65, (71) 276-49-66 телефон рақамларига мурожаат қилишни сўрайди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистондаги барча мактабларда коронавирусга қарши чоралар кучайтирилиши ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб Жанубий Кореяда коронавирус авж олгани сабабли Сеулга бўлган қатновлар вақтинча тўхтатилди.
Мавзуга доир:
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Хитойдан ташқари коронавирус қайд этилган давлатлар сони 64 тага етди. Умумий ҳисобда дунёда 90 370 киши коронавирусга чалинган бўлиб, уларнинг 80 174 нафари Хитойда. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335), Италия (2036) ва Эрон (1501) бормоқда.