3 март куни ФВВ Тошкент шаҳар бўйича Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси «Қўйлиқ» бозори яқинидаги ошхонада юзага келган ёнғинни бартараф этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 06:54 да ФВВ Тошкент шаҳар бўйича Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг тезкор хизмати рақамига Бектемир тумани «Қўйлиқ» бозори яқинида Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган дўконлардан бирида ҳамда пирожки ва грилл тайёрланадиган хонада ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига бир неча дақиқа ичида ўт ўчирувчилар етиб келган. Соат 07:10 да ёнғин чегараланган ва соат 07:19 да тўлиқ ўчирилган. Ёнғин натижасида дўконнинг том қисмида 40 метр квадрат ҳудуд ёниб кетган.
Жабрланувчи ва қурбонлар бўлмади. Ёнғин сабаби аниқланмоқда, дейилади хабарда.