Ўзнефтгазинспекция томонидан ўтказилган профилактика тадбирлар натижасида жорий йилнинг январь ойида нефть маҳсулотларини реализация қилишда минтақавий нефть базалар томонидан бир қатор қоидабузарликлар аниқланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, келтирилган зарарнинг умумий қиймати 24 миллиард сўмни ташкил этди.
Хусусан, «Тахиатош нефть базаси» МЧЖ (Қорақалпоғистон Республикаси) ва мазкур корхона филиалларида нефть маҳсулотларининг етишмовчилиги, сифати бузилганлиги ва талон-тарож қилинганлиги аниқланди. Келтирилган зарарнинг умумий миқдори 1264 тонна ( 9,7 миллиард сўм)ни ташкил этди.
Бундан ташқари, Ўзнефтгазинспекция томонидан «Қарши нефть базаси» МЧЖда илгари ўтказилган текширувларга кўра, 11,5 миллиард сўмлик 4333 тонна ҳажмдаги нефть маҳсулотлари ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари сифатига номувофиқлиги, танқисликлар ҳамда ҳисобдан чиқарилиш ҳолатлари аниқланди.
Шунингдек, «Пахта нефть базаси» МЧЖда ўтказилган текширувлар натижаларига кўра, 2,7 миллиард сўмлик 143 тонна миқдорида нефть маҳсулотларининг танқислиги, сифати бузилиши, савдо ва коммунал хизматлар билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди.
Юқорида келтирилган ҳолатлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.