Қашқадарё вилоятидаги табиий газ талон-торож қилинаётгани ҳамда ундан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан фойдаланилаётгани аниқланди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати хабар берди.
2020 йил 26 февраль куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро буюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Газни хўжалик ҳисоблаш тизими ҳудуди атрофида жойлашган Ideal Grant Binokor МЧЖ раҳбари иштирокида жамиятга қарашли иссиқхона текширилган.
Иссиқхонадаги табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича олиб борилган текширувда ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича келтирилган зарар миқдорлари ҳисоб-китоб қилиниб, Ideal Grant Binokor МЧЖдан давлат фойдасига ундириш ва тегишли чора кўриш учун прокуратура органига керакли маълумотлар тақдим этилган.
Юқоридаги ноқонуний ҳолатни вақтида назорат қилмагани ва унинг келиб чиқишини олдини олмагани, эътиборсизлиги, етарлича назорат қилмаганлиги туфайли Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари ўринбосари — бош муҳандиси ишдан олинган.
Ҳозирда Жиноят кодексининг 1852-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) тартибида дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари ўринбосари — бош муҳандисининг ушбу «жиноят»га алоқадорлиги ҳолати тегишли тартибда ўрганилмоқда.
2019 йилнинг октябрь ойида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи ишдан олинган эди.