Гонконг ҳукумати 23 март куни миллий хавфсизликка оид суриштирувлар доирасида телефон ёки компьютер паролларини тақдим этишдан бош тортган шахслар бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини эълон қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Тегишли қоида Гонконгнинг миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунига киритилган бир қатор тузатишларнинг бир қисмидир. Мазкур қонун 2020 йилда, ушбу ярим автоном шаҳарда бўлиб ўтган йирик демократия тарафдорлари намойишларидан сўнг Хитой томонидан жорий этилган эди.
Янги тартибга кўра, полиция қўлида тегишли ордер бўлган тақдирда, далиллар мавжуд деб ишонилган электрон қурилмаларни очиш учун ҳар қандай парол ёки бошқа декодлаш усули тақдим этилиши шарт.
Ушбу талабни бажаришдан бош тортганларни қуйидаги жазолар кутади:
- 100 000 Гонконг доллари (тахминан 12 700 АҚШ доллари) миқдорида жарима;
- ёки бир йилгача қамоқ жазоси.
Қонун кимларга тааллуқли?
Киритилган ўзгартиришлар нафақат миллий хавфсизликка таҳдид солишда гумонланаётган шахсларга, балки қуйидагиларга ҳам тегишли:
- тегишли қурилмага эгалик қилувчи ёки уни назорат қилувчи шахслар;
- қурилмага кириш ҳуқуқига эга бўлган ҳар қандай ваколатли шахс;
- парол ёки декодлаш усулини биладиган ҳар қандай одам.
Муҳим жиҳати шундаки, ушбу мажбурият ҳатто махфийликни сақлаш мажбурияти ёки маълумотни ошкор қилмаслик бўйича бошқа чекловлар мавжуд бўлган ҳолларда ҳам амал қилади. Бу дегани, қоида журналистлар, шифокорлар ва адвокатларга нисбатан ҳам қўлланилиши кўзда тутилган.
Ҳукумат расмийсининг таъкидлашича, янги қоидалар миллий хавфсизликка хавф туғдирадиган фаолиятнинг самарали олдини олиш, бостириш ва жазолаш, шу билан бирга жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган.
Гонконг маъмурияти ва Хитой ҳукумати ушбу қонун 2019 йилдаги ҳукуматга қарши оммавий намойишлардан сўнг молия маркази (Гонконг)га барқарорлик олиб келганини даъво қилади. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб давлатлари Пекин томонидан ўрнатилган бу чора-тадбирлар демократик эркинликларни чеклаш ва сиёсий мухолифатни бостириш учун восита бўлиб хизмат қилаётганини айтиб келмоқда.

Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал