Исроил ҳарбий прокуратураси фаластинлик маҳбусга жинсий зўравонлик қилган беш нафар аскарга қўйилган айбловларни бекор қилди. Бу ҳақда Daily Sabah хабар берди.

Мазкур қийноқлар билан боғлиқ ҳодиса 2025 йил июль ойида содир бўлган. Ўшанда Исроил аскарлари Сде Теиман марказида фаластинлик маҳбусни қийноққа солиб, жинсий зўравонлик қилганди. Оқибатда у оғир жароҳатлар, жумладан, ичак йиртилиши билан шифохонага ётқизилган.

“Сде Теиман иши бўйича айблов эълон қилинганидан кейин юзага келган муҳим ўзгаришларни ҳисобга олиб, ҳарбий прокуратура бугун айблов хулосасини бекор қилишга қарор қилди”, дейилади армия баёнотида.

Исроил оммавий ахборот воситалари, жумладан КАН телерадиокомпанияси, қийноққа учраган маҳбус 2025 йил 13 октябрь куни ҲАМАС билан маҳбуслар алмашинуви доирасида Ғазога қайтарилганини маълум қилганди. Сде Теиман (арабчада “Яман майдони” деган маънони англатади) Исроил жанубидаги Негев чўлида жойлашган ҳарбий база.

Бу ерда фаластинликлар жисмоний ва жинсий зўравонликка дуч келгани ҳақидаги кўплаб хабарлар сабаб у кўпинча “Исроилнинг Гуантанамоси” деб ҳам аталади.

Фаластин ва Исроил оммавий ахборот воситалари ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, Сде Теиман қамоқхонасида фаластинлик маҳбусларга нисбатан шафқатсиз калтаклаш, узоқ муддат кишанлаб қўйиш ва тиббий ёрдам кўрсатмаслик каби кўплаб қонунбузарликлар содир этилган. Айрим ҳолатларда бу маҳбусларнинг ўлими билан якунланган.