Қирғизистонда 2026 йилги Рамазон ҳайити байрами 20 март куни нишонланади. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари идораси маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу қарор Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар муфтийларининг фатво чиқариш бўйича йиғилишида қабул қилинган.
Ушбу Фатво ҳайъатига ТДТга аъзо мамлакатлар: Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва ТДТ кузатувчи давлатлари Туркманистон ва Венгрия расмий мусулмон диний идоралари вакиллари киради.
Февраль ойида Туркий давлатлар ташкилоти Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг Фатво ҳайъати Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишида 2026 йилда рамазон ойининг биринчи куни 19 февраль, пайшанба кунига, Рамазон ҳайити эса 20 март, жума кунига тўғри келиши кутилаётганини белгилаганди.
Таъкидланишича, 2026 йил 2—4 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигида ташкил этилган тадбирда ташкилотга аъзо мамлакатлар диний идоралари вакиллари ва ислом уламолари иштирок этган.
Қайд қилинишича, рамазон ойининг биринчи куни ва Рамазон ҳайити ҳақида қабул қилинган ушбу қўшма қарор туркий давлатларнинг ўз мусулмон жамоалари бирлигини мустаҳкамлаш ва диний амалиётларни замонавий илмий кашфиётлар билан уйғунликда сақлашга содиқлигини яна бир бор намойиш этади.


Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал