Ўзбекистон ва Япония транспорт соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Янги Тошкент ҳамда Тошкент шаҳрини янги аэропорт билан темир йўл, ерости ва ерусти метро линиялари орқали боғлаш масаласини муҳокама қилди.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазири ўринбосари Терада Ёшимичи бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказган.
Музокаралар давомида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, Янги Тошкент ва Тошкент шаҳрини янги аэропорт билан темир йўл, ерости ҳамда ерусти метро линиялари орқали боғлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
Шунингдек, Тошкент—Самарқанд темир йўлининг янги тезкор линияларини модернизация қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Бунда йўловчи ва юк ташиш ҳаракатини самарали ташкил этиш мақсадида рельс инфратузилмасини ажратиш бўйича фикр алмашилган.
Томонлар транспорт соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини ҳам муҳокама қилган. Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасида транспорт ҳамда логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этган.


Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал