Олмалиқдаги мактабда ўқувчи қиз “тарбиявий” суҳбатдан сўнг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов қиз йиғилишга кирмасидан олдин вафот этганини маълум қилди.

Telegramʼдаги “Не молчи” канали эълон қилган хабарда 10-синф ўқувчисининг ўлимига мактабда ўтказилган “тарбиявий” суҳбат сабаб бўлгани, суҳбат ички ишлар ходимлари иштирокида ўтгани қайд этилганди. Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси воқеа 28 январь куни Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли мактабда содир бўлганини билдириб, айни пайтда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.

Бобур Тўлаганов эълон қилган ахборотга кўра, 9-, 10- ва 11-синф ўқувчи қизлари бир-бирлари ҳақидаги турли хил миш-мишлар тарқатилиши натижасида ўзаро келиша олмай юрган. Ушбу ҳолат юзасидан мактаб маъмурияти, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ва ички ишлар органларининг айнан ушбу мактабга бириктирилган инспектор-психологлари иштирокида ўқувчи қизлар учун тарбиявий соат йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.

Мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган марҳума бошқа ўқувчилар қатори айнан ушбу йиғилишга келаётган вақтида биринчи қават йўлагида ўзини ёмон ҳис қилган ва ерга йиқилиб, вафот этган.

“Эътибор беринг, ўқувчи ҳали режалаштирилган йиғилишга киришидан аввал ушбу воқеа содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда эса танқидий тарбиявий соатдан сўнг мактаб ўқувчиси вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқатилмоқда”, деди ИИББ ахборот хизмати раҳбари.


Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ваколатли органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, расман тасдиқланмаган гап-сўзларни тарқатмасликни сўради.