Кино ишлашда гап юз миллионлаб долларлар ҳақида кетади, шу сабабли ҳатто жуда кичик кўринган хато ҳам катта молиявий муаммога айланиши мумкин. Масалан, режиссёрлар кино устидан назоратни йўқотиши, фильм режаси охирги дақиқада ўзгариши ва нотўғри ижодий қарорлар қабул қилиниши оқибатида Голливуд миллионлаб доллар йўқотган ҳолатлар бўлган.


“Соник”да қаҳрамоннинг ташқи кўриниши
Фото: Kino.mail.ru
2019 йил апрель ойида Paramount Pictures машҳур Sonic видеоўйинига асосланган фильмнинг биринчи трейлерини эълон қилди. Аммо томошабинлар уни умуман ёқтирмади. Асосий сабаб — бош қаҳрамон Соникнинг ташқи кўриниши эди.
Кўк типратикан калта оёқли, инсонларга хос тишли ва ғалати кўзли қилиб тасвирланган эди. Бу эса ўйин мухлисларига мутлақо ёқмади. Ижтимоий тармоқларда кескин танқидлар бошланди, мемлар пайдо бўлди ва норозилик тезда оммавий тус олди.
Change.org сайтида Соник дизайнини ўзгартиришни талаб қилган петиция бир сутка ичида 300 мингдан ортиқ имзо йиғди. Шундан сўнг режиссёр Жефф Фаулер очиқчасига узр сўраб, дизайнни қайта ишлашга ваъда берди.
Paramount жуда ноодатий қарор қабул қилди: фильм премьераси бир неча ойга кечиктирилди ва Соникнинг кўриниши тўлиқ қайта яратилди.
Визуал эффектлар билан шуғулланган Moving Picture Company студияси ҳар бир саҳнада қаҳрамонни деярли нолдан қайта чизди. Бу иш тахминан 5 миллион долларга тушди. Натижада фильм муваффақиятли чиқди ва жаҳон бўйлаб 319 миллион доллар йиғди. Таваккал ўзини оқлади.
Генри Кавилл мўйлови
Фото: Kino.mail.ru
2017 йилда суратга олинган “Адолат лигаси” фильми билан боғлиқ энг ғалати воқеалардан бири Генри Кавиллнинг мўйлови эди. Актёр бир вақтнинг ўзида “Уддалаб бўлмас топшириқ: Фаллоут” фильмида ҳам рол ўйнаётганди ва у ерда мўйлов билан чиқиши шарт эди.
“Адолат лигаси” фильми қайта суратга олиниши керак бўлганда муаммо пайдо бўлди. Супермен образида мўйлов бўлиши мумкин эмасди, аммо бошқа фильмни суратга олаётган Paramount компанияси Кавиллга мўйловни олишга рухсат бермасди.
Натижада Warner Bros. ҳар бир саҳнада актёрнинг мўйловини компьютер ёрдамида ўчиришга мажбур бўлди. Бу жуда қиммат ва мураккаб жараён эди. Шунга қарамай, томошабинлар сунъий эффектларни дарров пайқаб олди ва фильм интернетда масхара қилинди. Бу ҳолат кино тарихидаги энг қиммат “майда хатолардан” бири сифатида эсда қолди.
“Мушуклар” мюзиклидаги графика
Фото: Kino.mail.ru
2019 йилда режиссёр Том Хупер Эндрю Ллойд Веббернинг машҳур “Мушуклар” мусиқий асарини экранлаштирди. Аммо бу лойиҳа йилнинг энг йирик муваффақиятсизликларидан бирига айланди.
Режиссёр актёрларга махсус “рақамли мўйна” қўшиш ғоясини танлади. Натижада мушук танасига ўхшаш, лекин инсон юзи ва қўлларига эга қаҳрамонлар пайдо бўлди.
Ишлаб чиқариш жараёни жуда оғир кечди. Икки дақиқалик трейлер тайёрлаш учун олти ой кетди, тўлиқ фильмни якунлаш учун эса бор-йўғи тўрт ой қолган эди. Бундай шошилиш иш сифатига жиддий таъсир кўрсатди.
Биринчи трейлер чиққач, томошабинлар ҳайратда қолди. Қаҳрамонлар ғалати, қўрқинчли ва ноқулай кўринарди. Сўнг Universal Pictures премьерадан кейин фильмнинг янгиланган версиясини чиқаришга мажбур бўлди.
100 миллион долларлик бюджетга қарамай, фильм атиги 75 миллион доллар йиғди. Маркетинг харажатлари билан бирга студия тахминан 71 миллион доллар зарар кўрди. “Мушуклар” нотўғри технологик қарорлар қанчалик хавфли бўлишини кўрсатди.
Ридли Скотт фильмида Кевин Спейсини алмаштириш
Фото: Kino.mail.ru
2017 йилда “Дунёнинг барча пуллари” фильми деярли тайёр бўлганида, унда рол ўйнаган Кевин Спейси бўйича жиддий можаролар чиқди. Sony Pictures фильм чиқишига оз вақт қолганда актёрни бутунлай четлатишга қарор қилди.
Унинг ўрнига Кристофер Пламмер танланди. Актёр атиги 48 соат ичида ролга рози бўлди. Кевин Спейси иштирокидаги барча саҳналар ўн кун ичида қайта суратга олинди. Суратга олиш ишлари турли жойларда, жумладан, Римда ҳам олиб борилди.
Бу шошилинч ишлар студияга 10 миллион долларга тушди. Шунга қарамай, фильм вақтида чиқди, Пламмернинг ижроси юқори баҳоланди ва у “Оскар” мукофотига номзод бўлди.
“Z Оламлар жанги”да сценарий тайёр эмаслиги
Фото: Kino.mail.ru
2013 йилда чиққан “Z Оламлар жанги” фильми якуний сценарий тайёр бўлмасдан суратга олиниши бошланган.
Суратга олиш тугагач, дастлабки монтаж фильм якуни яхши эмаслигини кўрсатди. Paramount студияси сценарийни қайта ёзиш учун машҳур сценарий муаллифи Деймон Линделофни ёллади.
Оқибатда фильмнинг тахминан 40 дақиқаси қайта суратга олинди, учинчи қисми деярли янгидан яратилди ва катта жанг саҳналаридан бири бутунлай олиб ташланди.
Фильм бюджети 150 миллион доллардан 200 миллион долларга чиқди. Лойиҳа жаҳон бўйлаб 540 миллион доллар йиғган бўлса-да, катта харажатлар сабабли фойда кутилганидан кам бўлди.
“Хан Соло”да режиссёрлар алмашуви
Фото: Kino.mail.ru
“Хан Соло: юлдузлар жанги. Ҳикоялар” фильми франшиза тарихидаги энг муаммоли лойиҳалардан бири бўлди. Дастлаб режиссёрлар Фил Лорд ва Крис Миллер фильмни юмор ва импровизацияга бой қилишни хоҳлашган. Аммо бу ёндашув Disney раҳбариятига ёқмаган.
Фильмнинг ярми суратга олингач, режиссёрлар ишдан олинди. Уларнинг ўрнига Рон Ховард келиб, тайёр саҳналарнинг катта қисмини қайта суратга олди. Ҳатто ёвуз қаҳрамон ролидаги актёр ҳам алмаштирилди.
Оқибатда фильмнинг умумий бюджети 363 миллион долларга етди. Лойиҳа кассаларда 393 миллион доллар йиғган бўлса-да, бу харажатларни қоплаш учун етарли бўлмади.