Президентнинг тегишли фармонига асосан Ўзбекистоннинг баъзи элчихоналарида маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинади.

Қайд этилишича, ушбу лавозимни киритишдан мақсад хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг маданият ва туризм соҳаларидаги ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини оширишдан иборат.

Маслаҳатчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш Президенти администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи тақдимномасига мувофиқ ташқи ишлар вазири томонидан амалга оширилади.

У тегишли давлатдаги дипломатик ваколатхона раҳбарига бўйсунади ва унинг 2 томонлама муносабатларни ривожлантириш фаолиятига кўмаклашади. Маслаҳатчи Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғига ҳисобдор бўлади.

Аввалроқ соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилганди.

2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи — Ўзбекистон президенти администрациясининг АҚШдаги лавозими киритилиши ҳам хабар қилинганди.

У йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан тўғри ташаббус кўрсатиши ва муҳокама қилиши лозим. Шунингдек, Америка—Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ишини комплекс мувофиқлаштиради.