Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчи томонидан 7-синфда ўқийдиган қизнинг сочи кесилгани ҳақидаги мурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Маълум бўлишича, мурожаат вояга етмаган ўқувчининг онаси томонидан эълон қилинган. Унда қизининг мактабда ўқитувчи томонидан сочи қирқиб олингани айтилган. Мазкур ҳолат юзасидан оила вакиллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳам мурожаат қилган.

“Мен фақат ҳолатга қонун доирасида баҳо берилишини истайман. Болаларга нисбатан бундай муносабат такрорланмаслиги учун масъул идоралар чора кўриши керак. Бу масала шаффоф ўрганилиб, боланинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини хоҳлайман”, дея таъкидлайди мурожаатчи.

​Ушбу хабар юзасидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди. Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги 221-сонли умумтаълим мактабида содир бўлган ҳолат бошқарма ходимлари томонидан ўрганилган.

Текширув якунига кўра, айбдор шахсларга нисбатан Меҳнат кодексининг 312-моддаси биринчи қисми 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Шунингдек, ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани, қўшимча маълумотлар кейинроқ тақдим этилиши маълум қилинди.