Кўплаб клип ва фильмлардаги образлари билан томошабинларга яхши таниш актёр Шоҳрух Ҳамдамов “Мирсодиқова билан” YouTube каналига берган интервьюсида тўйи билан боғлиқ маълумотларни нима сабабдан сир тутгани ҳақида сўзлаб берди.

“Тўйимни ҳеч кимга билдиргим келмаганди”

Фото: Instagram

— Ҳамманинг ҳаётда ўз стратегияси бўлади. Кимдирлар оиласини кўрсатгиси келиб, тўйига ҳамма санъаткорларни чақиришни хоҳласа, кимларгадир бу ёқмайди. Мен тўйимни ҳаммага кўз-кўз қилишни хоҳламадим. Санъатда яхши акаларим бор. Уларнинг аёлларини халқ умуман кўрмаган. Худди шунақа бўлишини ният қилардим ва бўлди ҳам. Лекин бир-иккита видеолар тарқалиб кетди. Суриштириб билсак, бу бегона одамларнинг иши экан. Мана шу бола уйланяпти дейишса, тўйга келиб, айланиб планшетларда видеоларга олиб, чиқиб кетишган экан.

Уларнинг кимлигини ҳам билдим, ҳатто юзларининг расми ҳам бор. Бўлмасам, тўйдаги бошловчи ҳам “илтимос, тўйдаги расм ва видеоларни интернетда тарқатманглар”, деб айтганди. Чунки тўйимни оммага кўрсатмасликни хоҳладим ва бунга 95 фоиз эришдим. Тўй ўтгандан кейин тўрт кунгача видеолар ҳеч қаерга чиқмади, ҳамма ёқ жимжит эди. Маросимга ҳатто санъаткорларни ҳам чақирмагандим. Оммага кўрсатиб тўй қилсам ҳам бўларди, лекин менга бу керак эмас. Эртага хотиним бир ўзи кўчада юрганда уни ҳамма таниб қолишини хоҳламайман. Ҳатто ҳозир ҳам бирга кўчага чиқсак, алоҳида-алоҳида бўлиб юрамиз. Чунки яқинда онам билан бир жойга овқатланишга борсак, бир нотаниш одам чеккадан туриб онамни расмга оляпти. Бу жуда хунук ҳолат, деб ўйлайман. Ўрта Осиё бўйича машҳур бўлмасам ҳам, Ўзбекистонда кўпчилик танийди. Шу билан бирга медиа оламида мен ва оилам ҳақида маълумот кам. Шунинг учун халққа қизиқ бўлади деб ўзим ёки яқинларим билан бўлган вақтим суратга олиб, ижтимоий тармоққа тарқатиб юборишлари мумкин. Бу мен учун ноқулай ва ёқимсиз ҳолат, дейди актёр.

“Аёлим ёш бўлса ҳам дунёқараши кенг”

— Аёлимни биринчи марта бундан икки-уч йил аввал спорт билан шуғулланадиган бир танишимнинг олдига борганимда учратиб қолганман. Сўнг бу ҳақда онамга айтдим. Ҳаммаси тезлашиб кетди. Чунки бу пайтга келиб, онам худди кинолардагидек қачон уйланасан, деб уришиб юрган вақтлар эди. Шунинг учун биттада совчиликка бориб, ҳаммасини ҳал қилиб қайтишди. 30 ёшда тўйим бўлган бўлса ҳам, хаёлимда худди 20 ёшдекман ҳали ҳам. Аёлим 19 ёшда, мендан ёшроқ. Лекин гап ёшда эмас дейишгани тўғри экан. Дунёқараши кенг, деярли мен билан бир хил фикрлайди. Ёшимиз ўртасидаги фарқ умуман билинмайди. Ўзимга жуфт топишга қийналаман, деб ўйлагандим. Лекин бўладиган иш ўз-ўзидан бўлиб кетаверар экан, дейди актёр.

“Йигитларга қуда томондан ҳеч нарса олмасликни маслаҳат бераман”

Фото: Instagram/ shoxruxkhamdamov

— Ҳали қиладиган ишларим кўп. Оила қуришга тайёр эмасман, деб ўйлардим. Лекин Худога шукр, Аллоҳ ҳамма ишларимни тўғрилаб қўйди. Оз бўлса ҳам карьера қилдим. Режаларимга улгурдим. Эрта ёки кеч эмас, айни вақтида оила қурдим. Айрим ёшлар 19—20 ёшда уйланяпти. Яқинда ҳам бир 17 ёшли таниш укам уйланмоқчилигини айтиб қолди. Кўпчилик ёшликда уйланиш керак, дейди. Аммо менда бундай фикр йўқ. Одам оилали бўлгандан кейинги ҳаётини ҳам ўйлаб қўйиши керак. Уйлангандан кейин пул топиб оилани боқиш керак бўлади. Барибир эркак кишининг аёли олдидаги вазифалари бор. Агар буларни ҳали эплолмаса, қуда томоннинг олдида ҳам сарғайиб юрмагани маъқул.

 Танишларим орасида ҳам қуда томон ниманидир олиб берган, қилиб берганлари бор. Ҳаётда ҳеч қандай тўсқинликлар бўлмаган вақтда аёли тарафидан нимадир қабул қилганларни умуман тушунмайман ва бунга қаршиман. Қуда томондан бир дона рўмолча ҳам келиши керак эмас. Сабаби биринчи ўринда обрўйингиз тўкилади. Ўзи шундоқ ҳам қизини текинга сизга беряпти. Яна унга қўшиб нарсалар ҳам бериши энг катта хатолардан бири, дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Шоҳрух.

“Шу кўрсатувда чиққанимдан афсусландим”

Фото: Instagram/ shoxruxkhamdamov

Актёр партнёри актриса Айсанем Юсупова билан боғлиқ миш-мишларга ойдинлик киритди.

— Кўрсатувлардан бирида айтилган гапни кейинчалик кесиб, монтаж қилиб ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишди. У ердаги воқеа аслида қандай бўлганди? Шунчаки дўст сифатида яхши кўраман уни, деганимни кесиб, монтаж қилиб, бўрттириб ёйиб юборишди. Пиар учун ишлайдиган инсон эмасман. Тўғри, балки бу усул ҳам яхшидир лекин мен учун эмас. Билмадим, улар нимага бундай қилишди. Балки баъзи қавс ичидаги режиссёрларда шу орқали кўрсатувнинг обрўйини кўтариш мақсади бўлгандир. Кўрсатувга чиқишга рози бўлганим ва қатнашганимдан афсусландим, кўрсатув ярмидан кетиб қолдим, дейди актёр.