Ўзбекистон Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари лойиҳасида кўзда тутилган.
Унга кўра, институт ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий филиалларини 2026 йил 1 мартга қадар ташкил этиш режалаштирилган. Маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда маҳалла тизимидаги раҳбар ва мутахассис кадрларнинг аниқ режа-графикка асосан бир йилда бир марта малакасини ошириш тизими жорий қилинади.
Лойиҳага кўра, 20 мингга яқин маҳалла тизими ходимлари ва “маҳалла еттилиги” вакиллари малакасини ошириш тизими ва магистратура таълим мутахассислиги жорий этилади. 2026/27-ўқув йилидан бошлаб жами 120 нафар маҳалла тизими ходими ва “маҳалла еттилиги” вакили магистратурада ўқиши ташкиллаштирилади.
Миллий институтда “Маҳалла бошқаруви”, “Ҳудудий режалаштириш ва ривожланиш”, “Лидерлик ва барқарор ривожланиш”, “Ижтимоий лойиҳаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш” таълим мутахассисликлари бўйича магистратура босқичида қуйидаги шартларда ўқитиш тизимини йўлга қўйилади:

  • ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда бир йиллик;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда икки йиллик ўқитиш тизими.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан миллий институтга унинг фаолиятини йўлга қўйиши учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиш, институт ва унинг ҳудудий филиалларини бино билан таъминлаш режалаштирилган.

“Маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил этиш жараёнлари ислоҳ қилинади

Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 июлдан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторини уларнинг бўйсунувидаги ташкилотлар тақдимномасига асосан туман (шаҳар) ҳокими томонидан лавозимга тайинлаш ва фуқаролар йиғини раиси тақдимномасига асосан лавозимидан озод этиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу ҳақда 23 январь кунги президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам маълум қилинди.

500 та маҳаллада эксперимент тариқасида “маҳалла еттилиги” вакилларини уларнинг ўзи истиқомат қилаётган ва ёндош маҳалладан тайинлаш амалиётини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

“Маҳалла еттилиги” аъзоларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш фақат фуқаролар йиғини раисининг рухсати билан амалга оширишни йўлга қўйиш, уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни юклашни қатъий тақиқлаш режалаштирилган.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан мазкур талабни бузгани учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича ҳар ойда бош вазирга таклифлар киритиб борилади.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 7 февралга қадар давом этади.