Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) йилнинг энг яхши мураббийлари рейтингини эълон қилди.
Клублар тоифасида йилнинг энг яхши мураббийи деб “ПСЖ” бош мураббийи Луис Энрике топилди. Испаниялик мутахассис овоз бериш жараёнида 222 очко жамғарди. Иккинчи ўринни “Челси” устози Энто Мареска (60 очко) эгаллаган бўлса, учинчи поғонадан “Барселона” бош мураббийи Ҳанси-Дитер Флик (57 очко) жой олди. Шунингдек, “Бавария” устози Венсан Компани (42) ва “Арсенал” бош мураббийи Микель Артета (24) кучли бешликдан ўрин олди.
Миллий терма жамоалар мураббийлари орасида эса кетма-кет иккинчи бор Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте энг яхшиси деб топилди — 136 очко. Португалия терма жамоаси устози Роберто Мартинес (83), Аргентина мураббийи Лионель Скалони (59), Норвегия терма жамоаси бош мураббийи Столе Солбаккен (48) ва Англия терма жамоаси устози Томас Тухель (41) эса кучли бешликдан жой олди.
Маълумот учун, яқинда “ПСЖ” бош мураббийи Луис Энрике FIFA томонидан йилнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилганди. Парижликлар устози ушбу соврин учун курашда Ҳанс-Дитер Флик (“Барселона”), Энцо Мареска (“Челси”), Микель Артета (“Арсенал”), Арне Слот (“Ливерпуль”), Роберто Мартинес (Португалия терма жамоаси) ва Хавьер Агирре (Мексика терма жамоаси) каби мутахассисларни ортда қолдирди.

Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал