18-21 декабрь кунлари “Халқлар дўстлиги” саройида афсонавий “Сетора” гуруҳининг 20 йиллик танаффусдан кейинги иккинчи концерт дастури бўлиб ўтди. “Дарё” жамоаси концертдан видеорепортаж тайёрлади.
Концертнинг биринчи блокида “Миллион” жамоаси аъзоси Мўмин Иброҳимов ва Dj King Macarella билан дуэт куйланди. 
Феруза Латипова “Хайр, мактабим” қўшиғидаги дуэтдошлари Равшан Собиров АҚШда экани сабаб бу йил ҳам концертга кела олмагани айтди. Аммо мухлислар учун бошқа совға тайёрланди — мактаб даврининг машҳур қўшиғи актёр Улуғбек Қодиров талқинида куйланди.
— Аллоҳга шукр, ростини айтсам “Сетора” гуруҳи билан дуэт куйлаганим менга Янги йил байрами совғаси бўлди. Умуман кутмаган эдим, ёшлигимдан фақат орзу қилиб юрардим. Саҳнада ҳам “Сизнинг концертингизга чипталар қолмаган пайтлар, керак бўлса, дарвозадан ошиб тушганмиз” дедим. Ўшанда полиция қувлаган. Нима бўлган тақдирда ҳам амаллаб концертга кирганмиз. Яхши ният қилганман, Аллоҳ ортиғи билан берди. Афсонавий “Сетора” билан қўшиқ куйладим, эвфориядаман, дейди Улуғбек Қодиров ўз интервьюсида.

Хонанда Муниса Ризаева эса “Эшитмайди” қўшиғини гуруҳ қизлари билан ижро этди.
— Даврон Кабулов “Мунисахон, “Сетора” гуруҳи билан дуэт айтасизми?” деганида, “Албатта, бу энг катта орзум бўлган” дедим. Хонамнинг девори гуруҳ қизларининг расм, плакатлари билан тўла эди. Айниқса, Камиллани жуда яхши кўрардим, чунки у билан чеҳрамиз ўхшаб кетади, дейди Муниса Ризаева катта орзуси ушалганидан хурсанд бўлиб.
Муниса билан бирга куйлаш учун қўшиқ қандай танлангани ҳақида Феруза Латипова гапириб берди.
— Муниса бизнинг дўстимиз, у билан қайси қўшиқни куйлаймиз деб турганимизда Лайло дарров “Эшитмайди, энди фарёдим” деб Мунисанинг оҳангида қисқа ижро этди. Ва айнан шу қўшиқ Мунисага жуда мос келишини билдик, дейди у.
Концерт тугагач, Лайло Галиева ва Феруза Латипова журналистлар учун интервью берди.
— Концертнинг ҳар бир куни аъло даражада ўтяпти. Жуда ҳаяжондамиз, чунки ҳам қўшиқ куйлашимиз, ҳам рақсга тушишимиз, саҳнага қаердан кириб қаердан чиқиб кетишимизгача эслаб қолишимиз керак, деди Феруза.
Концертдаги яна бир зални “портлатган” чиқиш Лайлонинг хавфли трюки бўлди.
— Бир ой тепаликка чиқиш трюки учун шуғулландим. Аммо кийимим учун уяляпман, рости. Костюмим одамлар ўйлаганидек шаффоф эмас. Негативчиларнинг гапи мени қизиқтирмайди, менга фарқи йўқ, дейди Лайлонинг ўзи.
— Тепаликка чиқиш учун махсус костюм бўлиши керак. Ҳамма бу ишни осон деб ўйлайди, лекин ҳамма ҳам эплай олмайди. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқияпмиз, нега ундай костюм, нега бундай кийим деб. Одамларга шуни айтмоқчиманки, сизлар костюмни кўришга эмас, мухлис сифатида бизни кўришга, қўшиқларимизни эшитишга келяпсизлар, деди Феруза Латипова.
Камилланинг ўрнини янги дуэтдошлар босдими?
— Камилланинг ўрнини дуэтдошлар босмади. Биз қизиқарли чиқишлар қилишимиз керак эди. Аммо концертдан аввалги матбуот анжуманида машҳур шахслар иштирок этадими деган саволга йўқ дея, буни сир тутгандик. Концертда бирор янгилик бўлиши керак-ку, ахир. Биз барча дуэтдошларимиз ўзимизнинг дўстларимиз, ҳаммаси машҳур. Биз улар билан фахрланамиз, дейди Феруза Латипова.
Репортажни тўлиқ ҳолда Дарё Лифестйле YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.



Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал