Тошкент шаҳрида 2025 йил 26-27 ноябрь кунлари Европа иттифоқи ва Марказий Осиё III иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. “Дарё” мухбири хабарига кўра, тадбирда 32 та давлатдан ҳукуматлар вакиллари, турли соҳалардаги экспертлар иштирок этяпти. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор мавзулар муҳокама қилиняпти.
Савдо ҳажми ошмоқда
Форум очилишида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев айрим статистика рақамларга тўхталди. Унинг айтишича, Марказий Осиё Европа қатор тармоқларда ҳамкорликни кенгайтиряпти.
“Сўнгги бир неча йилда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо айланмаси тўрт баравар ошиб, 54 миллиард еврога етди. Европа компаниялари минтақамиздаги етакчи инвесторлар ҳисобланади. Улар охирги ўн йилда минтақага киритилган 100 миллиард евродан ортиқ тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғини таъминлади. Ҳозирда Евроиттифоқ билан стратегик хом ашё ресурслари соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўймоқдамиз”, деди ҳукумат расмийси.
Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, 2023-йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) минтақага 2 миллиард евродан ортиқ сармоя киритган. Шундан рекорд миқдор — 1 миллиард евро Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган. ЕТТБ 2027-йилгача минтақадаги лойиҳалар учун 7 миллиард евро инвестиция киритмоқчи. Жумладан, қайта тикланувчи энергия соҳасига 3 миллиард евро тикилади.
“Европа инвестиция банки Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан барқарор транспорт, сув ресурсларини бошқариш ва иқлим ўзгаришларига чидамлилик бўйича 500 миллион евролик сармояни кўзда тутувчи англашув меморандумларини тайёрламоқда”, деди Жамшид Хўжаев.
Ўз навбатида Евроиттифоқ Марказий Осиёдаги транспорт, транспорт алоқалари, муҳим хом ашё, рақамли алоқа, сув, энергетика ва иқлимнинг ўзаро боғлиқлигига йўналтирилган 12 миллиард евролик Global Gateway сармоявий пакетини сафарбар қилган.
“Бу Европа Марказий Осиёни узоқ муддатли стратегик ҳамкор сифатида кўраётганига аниқ бир ишора беради”, деди бош вазир ўринбосари.
Санкциялар хавотири
Форум очилишида Тожикистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Ҳоким Холиқзода ҳам чиқиш қилди. Қўшни давлат вакили сўзларига кўра, иқтисодий ривожланиш йўлида айрим хавотирлар мавжуд.
“Афсуски, Россия Федерациясига қарши қабул қилинган санкциялар пакети доирасида Европа Иттифоқи биринчи марта Тожикистоннинг айрим банкларига нисбатан молиявий чекловлар жорий этди. Биз ушбу санкциялар Тожикистоннинг макроиқтисодий ва ижтимоий барқарорлигига салбий таъсиридан хавотирдамиз. Бу долзарб масалага ечим топишда Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлашига ва биргаликда иш олиб боришга умид қиламиз”, деди тожик расмийси.
Ҳоким Холиқзоданинг таъкидлашича, Марказий Осиёдаги барқарорлик Афғонистондаги вазият билан узвий боғлиқ. Энг яқин қўшни бўлган Тожикистон доимо Афғонистоннинг терроризм ва наркотрафик таҳдидларидан холи, тинч давлатга айланиши тарафдори бўлиб келган.
“Марказий Осиёнинг Афғонистон билан умумий чегарасининг 60 фоиздан ортиғи айнан Тожикистон ҳиссасига тўғри келади. Мазкур чегаранинг катта қисми мураккаб, бориш қийин бўлган релефдан ўтади. Айнан шунинг учун биз бир неча дастурлар доирасида Европа Иттифоқи билан бундан кейинги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратамиз. Давлат чегарасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилишда бизнинг устувор йўналишларимиз инобатга олинишига умид қиламиз”, деди ҳукумат вакили.
“Ҳозирги савдо ҳажми етарли эмас”
Тадбирда Европа иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ёзеф Сикела ҳам қатнашди. У ўз чиқишида Евроиттифоқ ва Марказий Осиёдаги бугунги савдо ҳажми камлигини айтди. Ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
“Ўтган йили Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёни ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 3 фоизга ошди. Кимдир буни “ёмон эмас”, дейиши мумкин. Лекин бу мен учун етарли эмас. Биз кўпроғини қилишимиз керак. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимларимиз кучга кириши билан ўсиш тенденцияси давом этишини кутмоқдамиз. Келишувлар ўзаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантиради, бозорга кириш имкониятини яхшилайди. Бизнеснинг глобал бозорларда ривожланиши учун зарур бўлган ҳуқуқий аниқликни таъминлайди. Қозоғистон билан тузилган битимлар беш йилдан бери амал қилмоқда ва савдо ҳамда сармоялар ҳажмининг сезиларли даражада ошишига ёрдам берди. Шу боис, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан шериклик битимлари борасида эришилган сўнгги ютуқлардан мамнунман. Ўтган ой Брюсселда битимлар имзоланиши муносабати билан Ўзбекистон президентини қабул қилиш шарафига муяссар бўлдик. Ушбу янги ҳамкорлик асоси муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди”, деди комиссар.
Ёзеф Сикела “Global Gateway” доирасида минтақада аниқ сармоявий лойиҳалар белгиланиб, улар амалга оширилаётганини айтди.
“Мамлакат учун энг катта қиймат шунчаки қазиб олиш орқали эмас, балки қайта ишлаш орқали яратилади. Global Gateway доирасида биз бу қийматнинг маҳаллий даражада яратилишини қўллаб-қувватлаш билан бирга, Европа Иттифоқига ўзининг таъминот манбаларини диверсификация қилишга ёрдам бермоқчимиз.Бу амалда нимани англатади? Бу сизнинг металл экспорти билан боғлиқ харажатларингиз камайтириш учун транспорт ҳамда энергетика каби муҳим инфратузилмага сармоя киритиш деганидир. Бу бозорларни барқарорлаштириш ва хорижий сармояларни жалб қилиш учун техник ёрдам таклиф қилиш демакдир.Бу маҳаллий ишчи кучини ўқитиш демакдир. Бу маҳаллий даражада иш ўринлари яратиш ва қиймат занжирларини ривожлантиришни англатади. Энг юқори экологик, ижтимоий ва бошқарув стандартларига риоя қилишга ёрдам беради”, деди Ёзеф Сикела.
Қўшниларнинг айрим иқтисодий кўрсаткичлари
Бугун Қозоғистонга жалб қилинган сармояларнинг тенг ярми ва ташқи савдонинг деярли 50 фоизи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда форумдаги чиқишида бош вазири ўринбосари Галимжан Қўйшибаев маълум қилди.
“Бугунги кунда Қозоғистонда Европа капитали иштирокидаги 5 мингга яқин корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳукумат аниқ мақсадларни белгилаб олган. Хусусан, 2029-йилгача камида 150 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни режалаштирганмиз. Қозоғистон барқарор биргаликдаги ривожланишни таъминлаш учун Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр”, деди Галимжан Қўйшибаев.
“Мазкур ҳамкорларимизга етказиб берилаётган туркман товарлари ассортименти йилдан йилга кенгайиб бормоқда”, деди Туркманистон ҳукамати вакили.
“2025-йилнинг дастлабки 10 ойида Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 10 фоизга ўсиб, 14, триллион сомдан ошди. Бу ўсиш асосан қурилиш, саноат ва савдодаги фаолликнинг ортиши ҳисобига таъминланмоқда. Шунингдек, стратегик соҳалар: гидроэнергетика, муҳим моддий ресурслар, рақамли иқтисодиётга қизиқиш ортганини қайд этамиз.Буларнинг барчаси янги инвестициявий кун тартибининг бир қисмига айланмоқда. Энергетика соҳасида — мамлакатнинг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб, электр энергиясини умумий ишлаб чиқаришда гидроэнергия улуши 90 фоиздан ошади.2025 йил октябрь ойида Европа Иттифоқи, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида имзоланган, молиялаштириш ҳажми 3,4 миллиард еврони ташкил этувчи “Қамбарота-1” ГЭС лойиҳаси эса минтақанинг барқарор ривожланиши ва энергетик хавфсизлигининг қудратли драйверига айланади”, деди раис ўринбосари.
Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал