“Навоий” чегара божхона пости орқали 410 дона саъвани ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар қилди.

Тошкент вилоятидаги ушбу постга қўшни мамлакатдан кириб келган фуқаронинг ҳаракатлари эътибор тортиб, у белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилганида, ушбу шахснинг кийими ичида 30 бош саъва қушлари яширилгани маълум бўлган.

Бошқа бир ҳолатда эса қўшни давлатдан пиёда Ўзбекистонга кириб келган фуқаронинг қўл юклари орасида оғзаки сўровда маълум қилинмаган 380 бош саъва қушлари борлиги аниқланган.


Дастлабки ҳисоб китобларга кўра ушбу қушларнинг умумий қиймати 80 миллион сўмни ташкил қилган. Улар ҳозирда тегишли мутахассислар томонидан назоратга олинган. Жониворлар табиатга қўйиб юборилади.

Наманганда “Наманган аэропорти” чегара божхона пости ходимлари 3 ҳолатда 23 та iPhone 17 ни ноқонуний олиб ўтишга уринишларни аниқланганди.