Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 17 ноябрь куни тор доирадаги музокарадан сўнг кенгайтирилган таркибда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокаралар ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон—Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Савдо, транспорт, энергетика, сув хўжалиги ва бошқа муҳим соҳаларда амалга оширилган ишларга юқори баҳо берилди.

“Шубҳасиз, ушбу ютуқларда Туркманистон Халқ маслаҳати раиси, ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедовнинг улкан ҳиссаси бор, деди президентимиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки бараварга кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошди. Маҳсулотлар турини кенгайтириш ва эркин савдо режимидан самарали фойдаланиш орқали бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

“Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши ҳам товар айирбошлашни кўпайтиришга хизмат қилади. Ушбу тажрибани бошқа манзилларда, биринчи навбатда, Олот-Фораб ҳудудида қўллаш бўйича келишувга эришилди.

Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларга бизнесни фаол жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Энергетика соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Янада кенгроқ лойиҳаларга ўтиш, шу жумладан, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштиришга келишиб олинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Транспорт соҳаси икки мамлакат иқтисодиётларини боғлайдиган муҳим бўғин ҳисобланади. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, божхона-логистика тартиблари соддалаштирилмоқда. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олди. Икки давлат ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар 2013 йил май ойида тўхтатилган. Бунга йўналишнинг даромадли эмаслиги сабаб бўлганди.

Эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш учун йил охиригача Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари ўтказилади. Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани борасидаги алмашинувлар фаоллашади.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан масъулларга топшириқ берди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 16 ноябрь куни Ўзбекистонга келганди. Давлат ташрифи билан келган Туркманистон президентини расмий кутиб олиш маросими илк бор Тошкент-Ҳумо халқаро аэропортида бўлиб ўтди. 17 ноябрда президентлар тор доирада музокара ўтказди. Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши ва икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилган.