1990 йиллар бошида ҳинд киноси асосан муҳаббат ва мусиқага бой романтик филмлар билан тўлган давр эди. Айнан шундай бир пайтда экранга чиққан “Baazigar” (“Фирибгар”) фильми бу анъанани бутунлай ўзгартириб юборди. Бу фильм нафақат триллер жанрини машҳур қилди, балки ёш актёр Шоҳрух Хонни “Болливуд қироли” мақомига олиб чиққан асар бўлди.
Фильмда камбағал йигит Ажай Шарманинг ҳаёти тасвирланади. Унинг отаси йирик бизнесмен Мадан Чопра томонидан алданган ва ҳалокатга учраган. Отасининг ўлимидан кейин Ажай ўзини ҳам, онасини ҳам йўқотган инсон сифатида улғаяди. Йиллар ўтиб у қасос олиш учун янги ҳаёт бошлайди — ўзини Викки Малҳотра деб таништириб, Мадан Чопранинг оиласига яқинлашади.
Ажай аввал унинг катта қизи Симани ўзига ошиқ қилади, кейин эса уни баланд бинодан улоқтириб ўлдиради. Кейинчалик эса кичик қиз Приянинг бошини айлантиришга ўтади, лекин у Ажайнинг сирини аста-секин очиб боради. Финалда Ажайнинг қасос сабаблари, унинг оғриқли ўтмиши ва севги ҳамда нафрат ўртасидаги ички кураши очилади.

Актёрлар таркиби
Аввалига Сима ва Прия ролларини ўша пайтда машҳур актриса Шридеви ўйнаши керак эди, аммо режиссёрлар ролларни Кажол ва Шилпа Шеттига беришга қарор қилади. Бунга сабаб улар “томошабинлар Шридевининг ўлдирилишини қандай қабул қилишини” билмасдилар ва томошабинлар машҳур актриса Шридевини ўлдирган ёвуз қаҳрамонни ўйнаган янги актёр Шоҳрух Хонни қабул қилмаслигидан хавотирда эдилар. Бу Шоҳрух Хоннинг салбий ролдаги илк фильми эди. Аэша Жулкага ҳам Кажол ролини таклиф қилишган, аммо актриса бу ролга рози бўлмаган.

20 йил аввал суперюлдуз бўлиш орзуси билан Мумбайга келган Шоҳрух Хон Аббос-Мастан томонидан суратга олинган “Фирибгар” фильмида анти-қаҳрамон ролини ўйнашда катта таваккал қилган. У учун мазкур фильм бурилиш нуқтаси бўлган. 1990 йиллар бошларида ҳинд томошабинлари уни ҳали яхши танимасди. Актёр бу фильмда бир вақтнинг ўзида ҳам севгига ташна йигит, ҳам золим қасоскор ролини ўйнади. Шунингдек, фильмдаги томдан улоқтириш ва автомобиль саҳналарни каскадёр ёрдамисиз ўзи бажарган.
Аммо бу рол Шоҳрух Хонга етиб келгунига қадар кўплаб актёрлар ундан воз кечган. Рол салбий бўлгани учун таклифни рад этган Акшай Кумар 2001-йилда “Маккор нотаниш” (Аjnabee) фильмида худди шундай салбий ролни ўйнайди ва ҳозирда бундай ролларни ўйнашни ёқтиришини айтади.
Салмон Хон ва Анил Капур ҳам худди шу сабабга кўра таклифни рад этади. Салмон Хон салбий ролни ўйнаш учун ҳали эрта деб ҳисоблагани боис ролдан воз кечади. Салмон Хоннинг отаси Салим Хон режиссёрлардан фильмга она образини қўшишни сўрайди, аммо Аббос-Мастан бунга кўнмайди. Шу сабабли Салмон Хон ролдан бутунлай воз кечади. Бироқ фильм Шоҳрух Хон билан келишилгач, режиссёрлар фильмга она образини қўшишга қарор қиладилар.
Ажай Девганга ҳам бош рол таклиф қилинади, аммо у режиссёрлар каттароқ гонорар таклиф қилсин, деб биринчи мартадаёқ рад этади. Бироқ у ўйлагандек бўлмайди, унга қайта таклиф қилишмайди. Натижада рол Шоҳрух Хонга насиб этади — бу қарор ҳинд киноси тарихидаги энг омадли қарорлардан бири бўлади. Фильм чиққач, у бирдан машҳур бўлиб кетади, миллионлаб мухлислар қалбини забт этади.

Фильмда яна бир ёрқин кашфиёт — бу ёш актриса Шилпа Шетти эди. У ўша пайтда атиги 17 ёшда бўлган ва “Фирибгар” фильмида дебют қилган. Шилпа фильмда гўзаллиги ва самимий ижроси билан томошабинлар эътиборини қозонди. Дастлаб Сима ролига Жуҳи Чавлани чақиришган, лекин актриса бу ролни жуда кичик деб ҳисоблаган ва рад этган.
Шилпа интервьюларидан бирида Шоҳрух Хон уни томдан улоқтирадиган машҳур саҳнани эслаб, “Бу карерамдаги энг ҳаяжонли лаҳзалардан бири эди,” дейди. Мазкур роли сабаб Шилпа Filmfare мукофотига номзод бўлади. ![]()
Ҳитга айланган қўшиқлар
Аввалига фильм ижодкорлари ўша пайтда машҳур бўлган бастакорлар Надим ва Шраван билан шартнома имзолаган, аммо у продюсерлар билан жиддий келишмовчиликка дуч келган. Надим-Шраван олдинги келишмовчиликлар туфайли Кажолнинг фильмдан чиқиб кетишини хоҳлашган. Чунки Танужа (Кажолнинг онаси) улар Кажолни фильмга таклиф қилганда қўпол муносабатда бўлган. Продюсерлар Кажолни алмаштиришни рад этишгач, Надим-Шраван лойиҳани тарк этган. Уларнинг ўрнига Ану Малик таклиф қилинган ва у томошабинлар ёдида қолган мусиқалар яратган.
“Фирибгар” ўз даврида ўзига хос фильм эди — унда муҳаббат, сир, жиноят ва қасос бир-бирига чиройли тарзда боғланган.
Фильм нафақат томошабинни ҳайратда қолдирди, балки ҳинд киносининг янги авлод триллерларига йўл очди. Шоҳрух Хоннинг мураккаб, икки қиррали образи уни кейинги йиллардаги ролларига тайёрлади: “Муҳаббат ва қўрқув”, “Хавф”, “Ўғирланмаган келин” каби фильмларда айнан шу тажриба сезилади.
“Фирибгар” фильми “Муҳаббат ва қўрқув”дан атиги 42 кун олдин намойиш этилган. “Муҳаббат ва қўрқув”да ҳам Шоҳрух Хон салбий ролни ижро этган ва бу фильм ҳам тижорат муваффақиятига эришиб, танқидчилар томонидан эътироф этилган.

Мукофот ва эътирофлар

“Энг яхши эркак роли учун” Filmfare мукофотини қўлга киритганидан сўнг, Шоҳрух Хон режиссёрлар Аббас-Мастанни на тақдирлаш маросимида, на ғалаба шарафига уюштирилган зиёфатда учратмаган. Шундан сўнг у кечаси Бомбейдаги Аббас ва Мустан яшайдиган Бҳенди бозорига йўл олади. Шоҳрух Хон у ерга етиб борганда, тахминан 10-12 кишининг бир хонада ухлаётганини кўради. Уни кўриб, ҳамма ўрнидан турган. Шоҳрух Хон Аббас ва Мастаннинг олдига бориб, уларнинг оёқларига тегиб, таъзим қилади ва “Фирибгар”даги роли сабаб мукофот олганини, уларнинг дуосисиз уйга қайтолмаслигини айтади. Шоҳрух Хон кетмоқчи бўлганида тонг отиб, Рамазон ойи ҳам бошланган. Шу боис у режиссёрлар билан бирга саҳарлик қилиб, сўнг уйига кетади.
Бугун орадан 32 йил ўтган бўлса ҳам, “Фирибгар” ҳали ҳам эсда қоларли, қўшиқлари эса ҳали-ҳамон тингловчилар юрагида жаранглайди.


Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал