Тошкент шаҳар метроси учун яна 56 дона замонавий вагон харид қилинади. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент метросидаги тиғизлик муаммолари ҳақида хабарлар тарқалгач, метрополитен маъмурияти буни бартараф этиш учун қандай ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Яна янги метро вагонлари харид қилинади
Қайд этилишича, 2021-йилгача 36 та поезд ҳаракатланган бўлса, сўнгги уч йил давомида замонавий турдаги 41 та янги ҳаракат таркиблари харид қилиниб, 2025-йилга келиб поездларнинг сони 75 тадан ортди. 2026 йил давомида яна қўшимча 56 дона замонавий метро вагонларини харид қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида тасарруфдаги ҳаракат таркибларини янгиланишига ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервалини қисқартиришга эришилади.
Бекатлар сони, йўналишлар узунлиги ошди
Тошкент метрополитенининг қарийб 40 йил мобайнида бекатлар сони 29 тани ва умумий узунлиги 38 км ни ташкил этган бўлса, сўнгги 6 йил давомидаги бунёдкорлик ишлари ҳисобига қўшимча 33 километр метро йўналишлари ва 21 та янги бекатлар қуриб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида метрополитен бекатлари сони жами 50 тага ҳамда йўналишлар узунлиги 71 километрга етди. Бунинг натижасида, 2021 йил бир кунда 280-300 минг йўловчига хизмат кўрсатилган бўлса, 2024-йилда бу кўрсаткич 920-930 мингни ташкил қилди ва бугун бу сон бир кунда 1 миллиондан ортмоқда.
Поездлар ҳаракати оралиқ вақти қисқартирилди
Йўловчилар сонининг ортиб бориши сабабли юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларни олдини олиш ҳамда йўловчиларнинг бир манзилдан бошқа манзилга бориш вақтларини қисқартириш мақсадида сўнгги 3 йилда тиғиз вақтда (07:30 дан 09:00 гача) ҳаракат таркибларининг йўловчи ташиш бўйича оралиқ вақти (интервал) қисқартирилди.
Жумладан:
- 2021-йилда Чилонзор йўналишида 5 дақиқа( 16 та поезд ишлаган) бўлган бўлса, бугун 1,5 дақиқа (28 та поезд ҳаракатланмоқда);
- 2021-йилда Ўзбекистон йўналишида 6 дақиқа( 9 та поезд ишлаган) бўлган бўлса, бугун 3 дақиқа (16 та поезд ҳаракатланмоқда);
- 2021-йилда Юнусобод йўналишида 11 дақиқа( 6 та поезд ишлаган) бўлган бўлса, бугун 4 дақиқа (11 та поезд ҳаракатланмоқда);
- Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги ер усти ҳалқа йўли йўналиши – 12 дақиқадан (5 та поезд ишлаган) 9 дақиқага (11 та поезд ишламоқда) туширилган.
Хабарда таъкидланишича, буларнинг барчаси оралиқ интервалларининг режа асосида амалга оширилишини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади.


Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал