“Тошкент метрополитени” 1 ноябрь тонгидан бошлаб “Ерусти ҳалқа йўли” йўналиши йўловчилар учун тўлиқ ишга туширилганини маълум қилди.

Режали профилактик ишларни амалга ошириш мақсадида 14 та бекатдан иборат “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари оралиғида метро поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган эди. Бу вақт давомида йўл ҳолатлари тўғриланди, носоз шпаллар алмаштирилди, дренаж тизими ҳолати ўрганилди, шағаллар текширувдан ўтказилди.

Синов жараёнлари муваффақиятли якунлангач, йўналиш 2025 йил 18 октябрдан бошлаб одатдаги тартибда йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаши маълум қилинганди. Бироқ синов жараёнларини янада такомиллаштириш ҳамда келгусида поездлар ҳаракатини олдингига нисбатан икки баробар тезлаштириш, шунингдек оралиқ вақт интервалларини максимал даражада қисқартириш мақсадида 1 ноябрь санаси атрофида очилиши айтилган.

Йўловчиларга ноқулайлик ҳосил қилмаслик мақсадида “Технопарк”—“Қипчоқ”—“Технопарк” метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилган.

1 ноябрдан Тошкент ер усти метросининг “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” йўналиши фаолиятини тўлиқ тиклади. Ҳозирда мазкур йўналишда 12 та поезд 7 дақиқалик интервал билан ҳаракатланмоқда.